“Эркинлик энди йўқ – фақат шариат қўмиталари қолди”

Image caption Муҳаммад Қатаънинг онаси ўғлининг қотилларини кўрса, танишини айтади

Муҳаммад Қатаънинг онаси нотаниш чеҳралар ичида ўғлининг қотилларини топиш умидида Ҳалаб кўчаларини оралайди.

Она уларни кўрса, таниган бўларди. Улар қуфрда айбланган Муҳаммадни унинг кўз ўнгида отиб ташлашган эди.

У Муҳаммадни бахтиёр, масъулиятли ва Шаар мавзесида танилган фарзанд сифатида эслайди.

Болакай аравачада қаҳва сотиб, оиласига рўзғор тебратишда ёрдам берарди. Муҳаммад эндигина 14 ёшга тўлганди.

Уруш туфайли мактабга бормас, одатда гавжум Шаар мавзесида қаҳва сотарди.

Кунлардан бирида кимдир ундан бепул қаҳва беришни сўрайди.

"Бепул бўлса, пайғамбаргаям қаҳва йўқ," – кулиб деб жавоб қайтаради болакай.

Бу сўзлар билан Муҳаммад ўзига ўлим ҳукмини ўқиганди.

Уч қуролли шахс унинг бу жавобини эшитиб қолади. Улар болакайни машинага тиқиб олиб кетишади.

Ярим соат сўнгра ўласи қилиб калтакланган Муҳаммад қайта келтирилади.

Биров таниб қолиши ва уларни сўроққа тутишидан қўрқмаган эркаклар "Эй Ҳалаб халқи! Эй Шаар халқи!" - дея оломонни бир жойга тўплашади.

Уларнинг қичқириғидан Муҳаммаднинг онаси ҳушёр тортганди. Кейин нима бўлганини эслаган она юзини қўллари билан беркитиб, ўкириб юборди.

"Улардан бири: Кимда-ким пайғамбарни ҳақорат қилса, шариатга кўра, қатл этилади, деб қичқирди" – дея эслайди Муҳаммаднинг онаси. - "Мен кўчага ялангоёқ югуриб чиқдим. Биринчи ўқ овозини эшитдим. У ерга етиб бориб, ерга қуладим. Улардан бири ўғлимга қарата яна бир ўқ узди. У учинчи бор ўқ узди ва ўғлим устига чиқди. Мен унга: Нега боламни ўлдирдинг? У ҳали ёш бола эди-ку! – дедим. У қичқирди: У мусулмон эмас. Йўқол бу ердан!"

10 июн куни қатл этилган Муҳаммаднинг жасади Facebook ва араб тилидаги Twitter орқали интернетда тарқалди.

Унинг юзига отишганди. Болакайнинг бурни ва оғзи тешилиб кетганди. Бу сурат интернетни ларзага келтирди.

Қотилларнинг Сурияда ал-Қоидага алоқадор “Ироқ ва Сурия Исломий Давлати” гуруҳи аъзолари экани даъво қилинди. Исёнчиларнинг энг йирик Исломий ташкилоти – "Исломий Нусра Жабҳаси" ҳам шубҳа остига олинганди.

Иккала гуруҳ ҳам баёнот тарқатиб қотилликни қоралади. Ҳалабдаги бошқа исёнчи гуруҳлар ва шаҳардаги шариат маҳкамаси ҳам ўхшаш баёнотларни тарқатишди.

Биз Ҳалабдаги қози, эндигина дорилфунунни тамомлаган, 26 ёшли сийрак соқолли ва юмалоқ кўз айнак тоққан Исломий олим билан учрашдик.

У менга қотилларнинг "Шабиҳа" исмли режимга тарафдор гуруҳ аъзолари бўлганини айтди.

Унинг айтишича, бу гуруҳ мақсади мужоҳидлар ва бошқа исёнчилар ўртасида жанжал чиқаришга уриниш экан.

Ал-Қоидага алоқадор икки Исломий гуруҳ баёнот тарқатиши ортидан мен унинг бу изоҳини анча асосли деб топдим.

Режим каллакесарлари мухолифат назорати остидаги Ҳалаб шаҳри қоқ марказигача кириб, болакайни ўғирлашга ва, ярим соат сўнгра, кўчанинг қоқ ўртасида уларни отиб ташлашга ботинган бўлармиди?

Муҳаммаднинг оиласи маълумотлар ўта чалкаш эканини айтишади.

Қотиллар классик араб тилида гапирган эсалар-да, оддий ҳатоларга йўл қўйишган.

Улар Худога қарши куфр айтишни кечирса бўлади-ю, аммо пайғамбарни ҳақорат қилиш ўлимга тенг, деб баёнот беришган.

Оила Муҳаммад ўлими учун қайси қуролли гуруҳ айбдор эканини билмаса ёки айтишга қўрқса ҳамки, масъулият исёнчилар зиммасида эканига ишонади.

"Бизда эркинлик қолмади," – дейди Муҳаммаднинг катта акаси Фуад. - "Бу озодлик исёнчилар Ҳалабни босиб олишганида бор эди, лекин ҳозир ҳеч нима қолмади. Унинг ўрнига бизда саноқсиз қўмиталар қолдики, уларнинг ҳар бири динни ўзича талқин қилади."

Ҳалабдаги асосий шариат маҳкамаси Муҳаммад Қатаъ қотиллари Ислом номидан амал қилган эсалар-да, қатл Исломга хилоф ва жиной амал дея баёнот тарқатди.

Лекин одамкушлар асл мақсади қандай бўлишидан қатъи назар – хоҳ у режим найранги, хоҳ мужоҳидлар томонидан Исломнинг кескин талқин қилиниши – шариат қонунлари Суриянинг исёнчилар назорат қилаётган минтақаларда тарқалаётгани ҳам айни ҳақиқат.

Би-би-си Араб Хизмати томонидан тайёрланган ҳужжатли филмда шимолий Сарақеб шаҳрида шариат маҳкамаси олиб бораётган иш тасвирга олинган.

Шариат маҳкамасига собиқ мулла Шайх Абдуллоҳ Муҳаммад Али раислик қилади.

Ёнига Калашников автоматини қўйган, афғонларга ўхшаб шалвор-камиз кийган 27 ёшли шайхнинг бир ярим ой ичида чиқарган ҳукмлари тасвирга олинган.

Тасвирлардан бирида унинг ўнгига бир киракашдан машинасини тортиб олмоқчи бўлган тўрт шахсни келтиришади.

Улар ўз айбларига иқрор бўлсаларда, исёнчилар гуруҳида эканини даъво қилишади.

Шайх Абдуллоҳ улардан қуролларини мусодара қилиш ва уларнинг бундан буён ҳеч бир қуролли гуруҳга аъзоси бўла олмасликлари ҳақида ҳукм чиқаради.

У бу қарор жамоатчиликка эълон қилинишини айтади.

Жазо ижроси учун тўртовлон Сарақеб марказига келтирилади.

Жазо асбоби - электр симлари.

Шайх Абдуллоҳ жам бўлган кичик оломонга овоз кучайтиргич воситасида мурожаат қилади: "Аллоҳнинг номи билан," – дея ўз тўрт айбланувчининг исмини бирма-бир ўқишни бошлайди Шайх Абдуллоҳ. - "Тўда бошлиғига эллик дарра, ҳар бир аъзосига 40 даррадан урилсин. Аллоҳ қонуни кучсизлар учун энг яхши ҳимоядир."

Биринчи маҳбус тиз чўктирилади, унинг қўлларини икки томондан биттадан қўриқчи маҳкам тутади.

Дарра ура бошлашганларида оломон санай бошлайди. Ҳукм ижро этилгач, Шайх Абдуллоҳ ҳужжатли филмни тайёрлаётганларга жазо аслида анча енгил бўлганини айтади.

Улар йўлтўсарликда айбдор деб топилганди. Одатда бундай жиноят учун ўлим жазоси берилади, дейди у.

"Уруш пайтида шариатга мувофиқ бериладиган жазо тинчлик ўрнатилгунига қадар кечиктирилади," - дейди Шайх Абдуллоҳ. - "Ҳозир бизда уруш бораяпти. Биз эътиборни режим армиясига қарши курашга қаратишимиз лозим. Ҳукмлар тўлалигича режим қулаб, Исломий Давлат эълон қилингач, ижро этилади."

Исённинг анъанадор ва диндор тарафдорлари шариатнинг қаттиқ жазоларини қўллаб-қувватлашади.

Улар шу тариқа, кўпчилик тартибсизликлар, талон-тарожлар, одам ўлдиришлар ва одам ўғирлашлар олди олинишига ишонишади.

Аммо Сарақебда кўпчилик Исломчиларнинг куч олишидан ташвишга тушган. Шаҳарнинг баъзи мавзеларида кичик-кичик кўча намойишлари бўлгани хабар қилинади.

"Биз шундай кунлар бошимизга келсин деб орзу қилмагандик," – дейди Би-би-си Араб Хизмати билан суҳбатлашган фаол Манал Бариш. - "Исёнчилар гуруҳларининг номи одамлар ҳозир қандай ақидага эга эканини кўрсатади. Динни кундалик ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида жорий этишингиз шарт эмас. Бу инқилобни йўққа чиқараяпти."

Манал Бариш Сарақеб хорижий мужоҳидлар куни келиб йўқ бўлишига ишонишини айтади.

Аммо Манал Бариш сингари нисбатан дунёвий фаолларнинг таъсири ўта чекланган ва тобора йўқолиб бормоқда.

Тинч намойишлар фуқаролар урушига айланишидан деярли икки йил ўтиб, улар ҳамон варақалар тарқатиш ва деворларга шиорлар ёзиш билан банд.

Бошқалар эса, айни дамда, қурол ҳисобига кучланмоқда.

Бироқ ҳамма нарса Исломчилар истаётгандек бўлаётгани ҳам йўқ.

Улар ал-Қоидага қўшилиш ёки қўшилмаслик масаласида бир неча гуруҳларга бўлиниб кетганлар. Озод Сурия Армияси ичида ҳам чўқур бўлинишлар бор.

Исёнчилар тарафида жанг қилаётганларнинг аксар мусулмон эса-да, уларнинг кўпи Исломий давлат қурилишига қарши.

Ана шундай бўлинмалардан бири қўмондони менга "Исломий Нусра Жабҳаси" улар турган жойга ҳудкуш ҳужумчи юбориб, улардан 12 нафарини ўлдирганини айтди.

Кейин эса унинг иниси мужоҳидлар томонидан ўғирлаб кетилипти. Укасини қутқариш учун бир неча ўн минг доллар товон пули тўлаганини айтган қўмондон энди қасос олиш умидида.

"Улар мендан ҳеч қаерга қочиб қутула олишмайди," – дейди у.

Ҳукумат қўшинлари авваллари йўқотилган шаҳарларни қайта босиб олаётган эсалар-да, исёнчилар ўртасида фуқаролар уруши ичида фуқаролар уруши давом этмоқда.

Мутаассиб мужоҳидлар ва нисбатан дунёвий "Озод Сурия Армияси" ўртасида тўқнашувлар аҳён-аҳёнда юз бериб турган бўлса ҳамки, уларнинг шиддати режимга қарши олиб борилаётган муборизадан қолишмайди.

Бу кураш натижаси агар исёнчилар ғалаба қилса, Сурия қандай давлат бўлишини белгилаб беради.

Бироқ, ҳозирча шариат Суриянинг кўплаб нуқталарида ягона қонун бўлиб қолмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ