Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Афғонистонда не қадар фаол?

Нато ва Америка Афғонистондан қўшинларни олиб чиқишни бошларкан, минтақада исломий жангарилар таҳдиди борасидаги хавотирлар ортган.

Айни пайтда бу каби хавотирлар Афғонистоннинг ўзидан кўра кўпроқ қўшни давлатлар, жумладан, Ўзбекистонда ҳам янграмоқда.

Таҳлилчилар расмийлар сиёсий тазйиқларни оқлаш мақсадида хавфни бўрттириб кўрсатишларини айтиш билан бирга, умуман, ўзбек исломий жангарилари томонидан келаётган хавф мавжудлигини эътироф этишади.

Сўнгги пайтларда Афғонистон ва Покистонда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларининг фаоллиги кузатилмоқда.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг у ёки бу қўмондони ўлдирилгани ҳақида, хусусан, шимолий ҳудудларда бот-бот хабарлар пайдо бўлади.

Шу кунларда Афғонистондан қайтган Би-би-сининг Афғонистон учун ўзбек тилидаги эшиттиришлари бўлимидан Феруз Раҳимий Афғонистонда охирги вақтларда содир этилган қатор йирик ҳужумларда айнан Ўзбекистон Исломий Ҳаркати аъзолари масъул кўрилаётганлигини айтади.

Унга кўра, Покистондан Афғонистон ҳудудига сизиб кираётган ҳаракат фаоллари икки жабҳада иш олиб боришмоқда.

Бири ҳарбий ҳаркат ва ҳужумларни амалга оширса, бошқа қанот ўз сафларига янги аъзоларни ёллаш билан шуғулланмоқда.

Бу қанот вакиллари қўшни Ўзбекистон, Тожикистон, шунингдек Қозоғистонга қадар сизиб кириб, таблиғот ишлари билан шуғулланаётганликлари ҳақида хабарлар бор.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди