Мисрдаги тўқнашувларда қурбонлар сони ўттиздан ошган

Image caption Мурсий тарафдорларига "тинч намойишлар" учун рухсат берган армия уларга қарши ўт очгани айтилади.

Мисрдаги вазият борган сари мураккаблашиб бормоқда. Мамлакатнинг барча шаҳар кўчаларида тўқнашувлар авж олган.

Тартибсизликлар намойишчилар Муҳаммад Мурсий қамаб қўйилган деб ишониладиган ҳарбий базага қараб юра бошлаганларидан сўнг бошланди. Улар Мурсийни қувватловчи шиорларни айтиб қичқиришарди.

Мухбирларнинг сўзларига кўра, бир қанча намойишчилар Мурсийнинг суратини ҳарбий база атрофидаги тиканли сим тўсиқлар устига ўрнатмоқчи бўлишганда, ўқ овозлари янграган.

Ўқ намойишчиларга қарата ҳам узилди. Ҳарбий база олдида йиғилган намойишчилар ҳарбийларнинг бу ҳаракатидан ғазабга минганлар. "Биз Қуролли кучлар раҳбари генерал ал-Сисига айтамизки, агар у бизнинг президентни қайтармаса, биз уни чиқариш учун куч ишлатишга тайёрмиз",- дейди одамлардан бири.

Охирги хабарларга кўра, Мисрнинг иккинчи йирик шаҳри Александрияда 12 киши, Қоҳирада уч киши ҳалок бўлган.Жума куни Миср бўйлаб 30 дан ортиқ киши қурбон бўлган, уларнинг аксарияти ўқ тегиб ўлгани айтилади.

Image caption Полиция ҳаракатни жиловлаш мақсадида Нил орқали ўтадиган кўприкни ёпиб, ҳарбий база атрофига симли тўсиқлар ўрнатган.

Мурсий тарафдорларига қарши жангда мухолифат томонига хавфсизлик кучлари ҳам қўшилган.

Мухбирларнинг айтишича, шаҳарда бир неча соатлардан буён отишма овозлари давом этмоқда. Томонлар бир-бирларига тош ва "Молотов коктейли"ни улоқтиришяпти.

Мухолифат тарафдорларидан бири қўлида миллий байроқ билан баланд бино томига чиқиб олган ва Мурсий шаънига ҳақоратли сўзларни айтиб қичқирган.

Бунга жавобан исломийлар ҳам томга чиқишган ва зўравонликлар у ерда давом этган.

Таҳрир майдонидаги Саййид Аҳмад исмли намойишчига кўра, "Мусулмон Биродарлар" тарафдорлари энди ўч олишни хоҳлашмоқда:

"Бизнинг талабларимиз бажарилди, лекин Биродарларнинг талаблари амалга ошмади. Улар қон тўкишни исташмоқда. Бизнинг талабимиз нон, озодлик ва ижтимоий адолатдир. Биз бутун Мисрда бу нарсага эришишни хоҳлаймиз. Биз ҳар бир мисрлик ўз ҳуқуқига эга бўлишини истаймиз",-дейди у.

Мусулмон Биродарлар тарафдорлари Қоҳирадаги Рабаа масжиди олдида туришибди. Бир намойишчининг айтишича, жума кунги қон тўкилиши эски ҳукуматни қайтармоқчи бўлганлар томонидан уюштирилган:

"Кеча бутун Миср бўйлаб содир этилган зўравонликлар генерал Абдул Фаттоҳ ал-Сиси бошлиқ қуролли кучларнинг ҳарбий тўнтариш орқали эски ҳукуматни қайтариб олишга уринишидир. Лекин улар бунга эришолмайдилар, чунки 32 миллиондан ортиқ киши кўчаларга чиқиб, ҳарбий тўнтаришни қоралашди".

Мурсий тарафдори бўлган Аҳмад ал-Талабий деган киши "Биз намойишларни давом эттирамиз. Худо хоҳласа, Таҳрир майдонига қайтамиз ва президент Муҳаммад Мурсий озод бўлиб, президентликка қайтади", дейди ишонч билан.

Яна бир намойишчи эса ярашув тарафдори, зўравонлик ва қон тўкишлар тугатилиши кераклигини таъкидлайди:

"Йўқ, биз қон тўкилишини истамаймиз. Бу асосий чора эмас. Зўравонликдан нафратланамиз. Биз тинчликда яшашни хоҳлаймиз. Уларнинг ҳам талаблари бизники каби бажарилиши керак. Бизнинг ҳаммамиз демократиядан улушимизни олишимиз, ҳеч кимни чеклашимиз керак эмас. Биз ҳаммамиз мисрликлармиз", - дейди у.

Қурбонлар

Шу тариқа қудратдан кетказилган президент Мурсий тарафдорлари ва армия ўртасидаги қонли тўқнашувларда ўлганлар сони 60га етди, 600 дан ортиқ киши яраланди.

Бир йил олдин Мисрдаги инқилоб натижасида қудратга келган президент оммавий намойишлар ортидан ағдарилди ва ҳибсга олинди.

Унинг мухолифлари Таҳрир майдонида байрам қилишаркан, Мурсий тарафдорлари янги ҳукуматга қарши намойишга чиқишди.

Жума намозидан сўнг кўча жанглари Қоҳира, Александрия ва бошқа йирик шаҳарларни қамраб олди.

Мухбирларга кўра, "Мусулмон Биродарлар"ҳаракатининг раҳбари Муҳаммад Бадийнинг масжид олдидаги чиқиши намойишчиларни руҳлантирган ва янги ҳукуматга қарши кўчага чиқишга туртки бўлган.

"Аллоҳ Мурсийга ғалаба қозониш ва яна президент қароргоҳига қайтишига ёрдам беради", деб айтган Муҳаммад Бадий йиғилганларга қарата.

Қоҳирадан келаётган хабарларга қараганда, полиция ҳаракатни жиловлаш мақсадида Нил орқали ўтадиган кўприкни ёпиб, симли тўсиқлар ўрнатган.

Бу мавзуда батафсилроқ