Президент Путин Алишер Усмоновни мукофотлади

Image caption Алишер Усмонов "Ватан олдида хизматлари" учун нишони соҳиби

Президент Владимир Путин “Газпром инвестхолдинг” ширкатининг бош директори Алишер Усмоновни “давлат олдидаги катта хизматлари учун” мукофотлаган.

Алишер Усмоновга “ Ватан олдида хизматлари учун” нишонининг тўртинчи даражаси топширилган.

Владимир Путин россиялик ўзбек наслли миллиардерни жамоат ишларида фаоллиги ҳамда хайрия амалларини олқишлаган.

Алишер Усмоновнинг Forbes рейтингги бўйича Россиядаги энг бадавлат шахсдир.

Айни нашрга кўра, Алишер Усмоновнинг бойлиги 17 ярим миллиард доллардан кўпроқдир.

Сўнгги йиллар Британияда “ўзбек” номи Алишер Усмонов исми билан қарийб синонимга айланган.

Алишер Усмонов апрел ойида Британия ва Ирландиядаги энг бадавлат шахслар рўйхатида биринчи ўринни эгаллагани ҳақида Sunday Times газетаси хабар қилган эди.

Алишер Усмоновнинг Лондонда ҳам бир неча уйлари борлиги айтилади.

У Арсенал футбол клубининг 30 фоизлик ҳиссаларига эга.

Шу йил бошларида Алишер Усмонов футбол юлдузи Тиерри Анри уни клубни бутунлай сотиб олишга даъват қилганини айтган.

Аммо Британия жамоатчилиги орасида мамлакатнинг энг бадавлат шахсига муносабат бир хил эмас.

Айримлар Алишер Усмоновни “россиялик қароқчисифат бойвачча” деб танишади.

Асли наманганлик бўлган Алишер Усмонов ўзининг Шўролар даврида давлат мулкини ўғирлаш айблари билан қамоқда ўтириб чиққанини “туҳмат” деб билади.

Михаил Горбачёвнинг қайта қуриш даврида у ўзининг тўлалигича оқланишига эришади.

Ўтган май ойи Алишер Усмонов оиласида фожеа рўй берди.

Унинг 29 яшар жияни Бобур Усмонов Тошкентда автоҳалокатга учраб ҳалок бўлди.