Мурси тарафдорлари ўлдирилиши ортидан Мисрда вазият танг қолмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Миср пойтахти Қоҳирада эрталабдан зўравонликлар юз берган.

Расмийлар ва Мусулмон Биродарларига кўра, полиция ҳамда армия қўшинлари Республика Қўриқчилари иншоотида норозилик билдираётганлар одамларга қарши ҳақиқий ўқ-дорилар ва кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган.

Уларнинг айтишларича, ҳодисада камида 42 инсон ўлдирилган, яна қатор инсонлар тан жароҳати олишган.

Шифохона манбаълари камида 15 киши ҳаётдан кўз юмганини айтишади.

Вазифасидан четлатилган президент Мурсининг тарафдорлари ҳодисани қирғин дея таърифлашган.

Уларнинг айтишларича, хавфсизлик кучлари огоҳлантирмай, кутилмаганда ҳужум қилишган.

Армия эса, ҳодисани бутунлай ўзгача шаклда тақдим қилади.

Ҳарбийликка кўра, республика қўриқчилари баракларига "қуролли террорчилар" ҳужум қилишга уринган.

Ҳодисада бир аскар ҳам нобуд бўлгани, яна бири жароҳатлангани хабар берилади.

Норозилик чиқишларининг хавфсизлик кучлари тарафидан бу шаклда бостирилиши Қоҳирани фалаж ҳолатга солган.

Бошқа томондан, зўравонлик мамлакатдаги сиёсий вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган уринишлар учун зарба дейиш мумкин.

Муваққат ҳукумат вазиятни ўнглаш учун бош вазир тайин этганди.

Айни пайтда жаноб Мурсининг вазифасидан кеткизилишини дастаклаган Исломий Нур партияси сиёсий музокараларидан чиқиб кетаётганини айтган.

Мисрнинг илк Исломий президенти Муҳаммад Мурси оммавий норозилик чиқишлари ортидан чоршанба куни армия томонидан четлатилганди.

Ўтган ҳафтанинг дам олиш кунлари бошланиб кетган тартибсизликларда ўнлаб инсонлар ўлдирилди.

Жаноб Мурси пойтахт шарқидаги Наср мавзеида жойлашган Президент Қўриқчилари клубида сақланаётганига ишонилади.

Аксари Мусулмон Биродарлар аъзоларидан иборат тарафдорлари президентни қайта вазифасига тикланишини талаб қилиб, айни ҳудудда норозилик намойишлари ташкил қилишганди.