Миср: Мусулмон Биродарлар сайловлар жадвалини рад этишди

Image caption Мўрсий тарафдорлари демократик сайловларда сайланган президентнинг ағдарилганидан норозилар

Мисрда давом этаётан нотинчликлар манзарасида мамлакатнинг муваққат раҳбари янги сайловлар вақтини белгилаган.

Бироқ, Мисрдаги Мусулмон Биродарларнинг юқори даражали расмийлари Адли Мансурнинг жадвалини рад қилишган.

Биродарларнинг етакчи аъзоси Эссам ал-Эриан конститицион ўзгаришлар ва келгуси йилга мўлжалланган сайловлар "мамлакатни яна ортга суради"

Биродарларнинг сиёсий қаноти бўлмиш Озодлик ва Адолат партияси раиси ўринбосари жаноб Эриан муваққат раҳбар қарорини "давлат тўнтарувчилари томонидан тайинланган одамнинг қарори" дея тавсирлади.

Айни дамда Озодлик ва Адолат партиясининг ҳуқуқшуноси Аҳмад Абу-Барака қарор "кучсиз ва ноқонуний" эканини айтди.

Биродарлар воизи Геҳад ал-Ҳаддад эса сешанба куни Миср бўйлаб яна кўплаб намойишлар ўтказилишини эълон қилди. Намойишлар душанба куни Қоҳирадаги зўравонликларда ўлдирилган Мўрсий тарафдорларининг дафн маросимлари билан қўшилиб кетиши кутилади.

Адли Мансурнинг қарорида собиқ Исломий ҳукумат томонидан тузилган конституцияга ўзгартиришлар ва референдум кўзда тутилади. Референдум келгуси йил бошида сайловлар ўтказилишига йўл очиб беради.

Қоҳирадаги тўқнашувларда душанба куни 51 одам ҳалок бўлган.

Мусулмон Биродарлар ўз аъзолари Президент Муҳаммад Мўрсийга дастак билдириб, ўтирган ҳолда намойиш ўтказаётганларида ўққа тутилганларини айтмоқда. Армия эса қуролли провокацияга жавобан ўт очганини билдирди.

Зўравонликлар ортидан ўтказилган матбуот анжуманида Мусулмон Биродарлар аъзолари армия раҳбари Генерал Абдул Фаттоҳ ал Сисийни "қотил ва қассоб" деб аташган

Мисрнинг илк эркин тарзда сайланган раҳбари жаноб Мўрсий ўтган ҳафта юзага келган йирик намойишлар ортидан лавозимидан четлатилган.

Унинг тарафдорлари армияни давлат тўнтаришини амалга оширишда айблашмоқда, бироқ унинг танқидчилари бу жараён 2011 йилда Президент Ҳусни Муборакни тўнтарган инқилобнинг давоми дейишмоқда.

Намойишлар

Жаноб Мансур ўз қарорини душанба оқшомида эълон қилган.

Унда айтилишича, конституцияни ўзгартириш учун масъул бўлган ҳайъат 15 кун ичида тузилади. Амалдаги конституция ўтган ҳафта тўхтатиб қўйилган.

Ўзгартиришлар сўнгра келгуси йил бошида ўтиши кутилаётган референдумга қўйилади.

Президент сайловлари эса янги парламент иш бошлаганидан кейин чақирилади.

Жаноб Мансурнинг қарори Муҳаммад Мўрсийнинг танқидчилари ва тарафдорлари томонидан ўтказилаётган йирик намойишлар манзарасида қабул қилинмоқда.

Би-би-сининг Қоҳирадаги мухбири Жим Мюирга кўра, бу жадвал муваффақиятли бўлиши учун аввало Мисрдаги вазият тинчиши керак бўлади.

Ҳозир эса асосий эътибор яна зўравонликлар авж олиб кетмаслигининг олдини олиш, ҳамда сайловларга тайёрланиш учун муваққат ҳукуматни тузишга қаратилади.

Айни дамда АҚШ Мисрдаги зўравонликларни қоралаган ва томонларни имконқадар вазминликка чақирган.

Оқ Уй чиқарган баёнотда Вашингтон бирон сиёсий ҳаракатнинг ёнини олмаётгани айтилади. Баёнотда, шунингдек, Мисрга бериладиган ҳарбий ёрдамни кесиш АҚШ манфаатларида эмаслиги таъкидланади.