Гуантанамода очлик эълон қилганларни мажбурий овқатлантириш ифтордан кейинга кўчади

Image caption Гуантанамодаги маҳбуслар

Гуантанамо қамоқхонасида норозилик рамзи ўлароқ очлик қилаётган 100дан ортиқ маҳбусларнинг қарийб ярмиси Рамазон ойида ифтордан кейин мажбурий овқатлантирилади.

Бу ҳақда Америка мулозимлари маълум қилишган.

Америкалик актёр ва рэппер Yasiin Bey Гуантаманомодаги маҳбуслар тақдирига эътибор қаратиш мақсадида ўз устида тажриба ўтказишга кўнгилли бўлиб розилик берган.

Айни видеолавҳада унга худди Гуантанамо маҳбусларини зўрлаб озиқлантиришгани каби бурун тешикларидан найча орқали ошқозонига озуқа жўнатилгани кўрсатилади.

Видеолавҳада Ясин Бейнинг икки шифокорга ялина бошлайди.

Бу тажрибада муаллифлар Гуантанамода очлик эълон қилган маҳбусларни қандай қилиб мажбуран овқатлантиришларини саҳналаштирганлар.

Филмда Ясин Бей ўриндиққа боғланган ва оёқлари кишанланган ҳолатда гавдаланади.

Ясин бу ўзига хос тажриба ҳақида ҳикоя қилар экан, "овқатлантириш" жараёнида оғриққа чидаб бўлмагани ва тўхтатишдан бошқа чора қолмаганини айтади.

“Бошида чидаса бўлади, аммо кейин найчани чуқурроқ тиқишар экан, оғриқ кучайди. Бир нарса куйгандай бўлади. Худди миямнинг ичига нимадир санчилгандай эди ва мен чидай олмадим”, дейди Ясин.

Бу видеолавҳа режиссёри Асиф Кападияга кўра, гарчанд Гуантанамодаги маҳбусларини мажбурий овқатлантириш фақат саҳналаштирилган бўлса ҳам аксарият бу тажриба жараёнининг ўзидан қаттиқ таъсирланган.

“Икки шифокор келишиб мажбурий тиббий овқатлантириш амалини ўтказишди. Биз шунинг учун ҳам айни амалиёт хатарсиз эканини билардик. Охирига келиб шифокорларнинг ўзлари қарийб йиғлаб юборишди, чунки бу тиб қадриятларига, улар ишонган қадриятларга том тескари амал эди, буни эътироф этишди...”

Гуантанамода маҳбуслар норозилиги феврал ойидан бери давом этмоқда.

Маҳбуслар адвокатларига кўра, норозилик амалига сабаб - қамоқхонада тинтув амаллари кучайтирилган ва ана шундай амаллардан бирида Қуръонга нолойиқ муносабат қилинган.

Америка ҳарбийлари бу айбловларни кескин рад этади.

Уларга кўра, тинтувлар оқибатида бир неча ноқонуний нимарсалар билан бирга қўлбола қуроллар ҳам топилган.