Президент Путин мусулмонларни Рамазон билан табриклади

Кеча сешанба куни Россиянинг 8 мингдан зиёд масжидларида таровиҳ ўқилди. Муқаддас ой бошланиши муносабати билан давлат раҳбари Владимир Путин мамлакат мусулмонларига ўз табригини йўллади.

"Бугун ислом учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган ой бошланди. Барча аҳллари учун муқаддас бўлган бу анъана ўз илдизи билан узоқ ўтмишга бориб тақалади. У бағрикенг ва сабрли бўлиш, кўпроқ савоб ишлар қилиш ва инсонлар ҳақида қайғуришни заруратини эслатади”, дея таъкидлади президент.

Унинг сўзларига кўра, Россияда мамлакат мустаҳкамлиги ва унинг мустақиллиги ҳимояси учун беқиёс ҳисса қўшган мусулмонлар билан ҳақли равишда фахрланишади. “Улар бизнинг кўпмиллатли жамиятимизда тинчлик ва тотувликни сақлаш учун кўп ишлар қилишди”, деди президент Путин.

Россия Муфтийлар кенгашининг раиси шайх Равиль Гайнутдин ҳам ислом аҳлини муборак ой муносабати билан қутлаб, мурожаатнома эълон қилди.

“Россия мусулмонлари ҳамма вақт турли миллат ва эътиқод вакиллари орасида бирдамликни мустаҳкамлашларини асрлар мобайнида тасдиқлаб келганлар, — деди шайх. — Тутган рўзамиз руҳан тозариш, тафаккур, туйғулар ва ўйларнинг комиллашуви, иймонимизни янада мустаҳкамланишига бағишланади”.

Мамлакатда расмий маълумотларга кўра, 24 млндан зиёд мусулмонлар бор. Агар ноқонуний меҳнат қилаётган марказий осиёлик муҳожирлар ҳам ҳисобга олинса, бу рақам 30 млнга яқинни ташкил этади.

Муҳожирликда рўза қийинми?

Россияда муқим яшаётган мусулмонлар бу фарзни мукаммал адо этишмоқда. Аммо меҳнат муҳожирлари борасида бундай дейиш қийин.

— Россияга келганимдан бери рўза тута олмаяпман, — дейди Самара шаҳрида ишлаётган юртдошимиз Шуҳрат Ўсаров. — Ҳозир айни иш мавсуми, кун бўйи тахта, цемент юклаймиз, туширамиз. Ҳам оғир иш, ҳам очлик чарчатиб қўяди.

Москвадаги қурилишларнинг бирида ишлаётган Алишер Казаков эса дам олмай ишлаётгани боис, рўза тутишга имкони йўқлигини айтди.

“Жисмоний иш қилмайман, баланд автокранни пастда туриб бошқараман. 2 та кранга гапириб чарчайман. Сменачим келмай қолган кунлари 24 соатлаб ишлашимга тўғри келаяпти”, — дейди у.

— “Ҳар куним ўзи рўза-ку, дейди бухоролик Убайдулло исмли меҳнат муҳожири. — Эрталаб ишга нонуштасиз чиқиб кетаман. Тушликка имконим бўлса, овқатланаман, бўлмаса йўқ. Шу билан кечки овқатни уйга келиб ейман. Бу одатга айланиб кетган”.

Шунингдек, қурилишларда ишлаётган кўплаб юртдошларимиз иш оғирлиги сабабли бу савобдан маҳрум қолаётганликларини билдиришди. “Аллоҳнинг ўзи кечирсин, мусофирчилик”, дейишди кўпчилик.

“15 кундан ортиғи мусофирлик эмас”

Пермь шаҳрида оиласи билан истиқомат қилаётган юртдошимиз Фотима опа эса муҳожирликда рўза фарзини адо этиш борасида ўз фикрларини қуйидагича баён этдилар:

— Мусофир бўлмаганимизда Рамазонни қандай ўтказсак, шундай ўтказаяпмиз, — деди Фотима опа. — Аслида эса, мусофир эмасмиз, муқимга айланганмиз. Агар киши 15 кундан ортиқ бир жойда яшаса, мусофирликдан чиқади, рўза тутиш шарт.

Савдо марказларининг бирида электрчи бўлиб ишлаётган Бахтиёр Султонов ҳам бу фарзни адо этишини билдирди.

— 7 йилдан бери Москвадаман, аммо бу йил биринчи бор рўза тутишим, — деди Бахтиёр ака.

Рўза тутишни бошлаган меҳнат муҳожирларининг кўпчилиги мавжуд шароитларни синов деб қабул қилишини билдирди.

— “Овқатни ичида ишлаб рўза тутиш қийин экан, — дейди пойтахтдаги тамаддихоналарнинг бирида ошпазлик қилаётган Шоҳиста Йўлдошева. — Аввал ўқитувчи эдим, кун бўйи мактабда юриб кун ўтганини билмай қолардим. Кунлар узоқлигига қарамай, ўтган йиллар ҳам шу ерда сабр билан тутганман”.

Россия иқлими анча салқин бўлганлиги сабабли, бу ерда яшаб меҳнат қилаётганларнинг рамазон фарзини бажаришлари бирмунча енгилроқ кечади. Аммо кун узоқлиги меҳнат муҳожирлари учун фақат сабр ва иродани эмас, кучни ҳам синаш мезонига айланаяпти. Рўзани 16-17 соатлаб иш жойида ўтказаётганлар ҳам бор.

“Ҳалиям жазирама ёзда тутмаётганимизга шукр, бўлмаса чанқоқ қийнаб юборармиди”, — дейди фарғоналик Абдулазиз.

“Иш бошқа, эътиқод бошқа...”

Меҳнат муҳожирлари имкон қадар фарзларини бажаришга ҳаракат қилишаяпти. Аммо уларга иш берувчилар рўзадор ходимларини қай даражада қўллаяптилар?

— Ишчиларимизнинг аксар қисми ўзбеклар, — дейди “Чистый свет” ташкилоти иш юритувчиси Вячеслав. — Иш тартибимиз куну тунга мўлжалланган. Авваллари маълум бир вақтларда овқатланиш учун вақт ажратган эдик. Рамазон ойида ишчиларнинг илтимосига кўра, танаффус вақтини улар айтган пайтга кўчирдик ва дам олиш вақтларини бир соатга кўпайтирдик.”

Шунингдек, иш юритувчи мусулмон ишчилар учун бериладиган таомларни рамазон ойида фақат ҳалол маҳсулотлардан тайёрланишини билдирди.

Ҳусусий тадбиркор Агас эса, мусулмон ишчилари учун алоҳида шароит ярата олмаслигини билдирди.

“Динингизни ҳурмат қиламан, аммо иш билан эътиқод бутунлай бошқа нарсалар”, деди у. Агаснинг фикрича, бу икки масала бир-бирига ҳалал бермаслиги керак.

Ташқи рекламалар тайёрлаш фирмаларининг бирида ишловчи ўзбекистонлик йигитлар эса бу борада ўз раҳбарлари билан фахрланишди:

“Сергей бизга ҳар йили ҳайитда қўй сўйиб байрам қилиб беради”, дейишди улар. Гарчи йигитлар рўза тутишмаса ҳам.

“Рўзам малол келаяпти”

Меҳнат муҳожирларининг ҳаммага маълум яна бир муаммоси — турар жой билан боғлиқ. Бир уйда ўнлаб кишиларнинг яшаши бир қатор ноқулайликлардан ташқари, рўза тутишда ҳам бироз мушкулликларни келтириб чиқармоқда.

— Саҳарга ухлаб қолмаслик учун будильник қўяяпман, аммо ишдан чарчаб келиб ухлаётган ҳамхоналаримни уйғотиб юбориб ҳижолат бўлаяпман, — дейди самарқандлик Манзура опа. — Яна чироқ ёқиб, ошхонада уймалашиш бор... Тутай десам, кўпчиликка малол келаяпти, тутмай десам бўлмайди...

Ўтган йили ҳам айнан шу вазият туфайли ҳамхоналари билан тортишиб қолиб, рўзасини охиригача тута олмаганини айтади муҳожир аёл.

Тунги сменаларда ишлайдиганлар ҳам иш ва ифторлик вақтларида бироз қийналишаётганликларини билдиришди:

— “Кечки 9 дан (21-00) эрталабки 9 гача ишлайман, — дейди кимёвий тозалаш корхонаси ишчиси Малоҳат. — Бир дақиқа ҳам танаффус йўқ. Эрталабгача 4-5 тонна матоларни дазмоллаймиз. Кундузи чарчоқдан қотиб ухлайман. Бу аҳволда қандай рўза тутаман?!”

“Иссиқ бўлсаям, рўзани ўз уйингда тутганга етмайди”, дейди Малоҳат опанинг ҳамхонаси дугонасининг сўзларини маъқуллаб.

Шундай қилиб, Россияда Рамазон ойи мамлакатнинг муқим мусулмонлари ва мусулмон меҳнат муҳожирлари учун турлича бошланди.

Бу мавзуда батафсилроқ