Эдвард Сноуден: 'Мен Россиядан бошпана сўрамоқчиман'

Москвадаги Шереметьево қўналғасининг транзит ҳудудида қолаётган АҚШ жосуслик хизматининг собиқ ходими Эдвард Сноуден ўнга яқин фаол билан учрашуви чоғида ана шу истагини баён қилган.

Хабарларга кўра, жаноб Сноуден инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва адвокатлар билан ҳаво қўналғасининг ўзида кўришган.

Бундай талаб билан собиқ жосуснинг ўзи чиққан ва бугун жума куни улар билан учрашиш истагида эканини билдирганди.

Эдвард Сноуденнинг айтишича, сиёсий бошпана сўраб, Россияга мурожаат қилган эса-да, сўнгроқ Лотин Америкасига кетмоқчи.

Бу ҳақда "New York Times" газетаси мухбири Эдвард Сноуден билан учрашувда ҳозир бўлган "Хьюман Райтс Вотч" ташкилоти Москва бўлими раҳбари Татьяна Локшинага таяниб, хабар берган.

Локшина хонимга кўра, америкалик собиқ жосус Лотин Америкасига эсон-омон етиб олишида ўзига ёрдам кераклигини ҳам айтган.

Аввалроқ расмий Москва Эдвард Сноуденга АҚШ сирларини ошкор қилишни бас қилсагина Россияда қолиши мумкинлигини айтганди.

Бунинг ортидан, жаноб Сноуден сиёсий бошпана сўралган аризасини қайтиб олганди.

АҚШ Жосуслик Хизмати фаолияти ҳақида маълумотларни ошкор қилган Эдвард Сноуден америка расмийлари томонидан қидирувда.

У шу кунга қадар дунёнинг 21 мамлакатидан бошпана сўраб мурожаат қилган.

Ҳозирча фақат Боливия, Никарагуа ва Венесуэла унга бошпана беришлари мумкинлигини айтишган.

Лекин унга қайси мамлакат расман бошпана таклиф қилмасин, Сноуденнинг у ерга етиб бориши мушкул масала.

Ўтган ҳафта қатор Оврўпо давлатлари Боливия президенти Эво Моралес кетаётган учоқни бортида Эдвард Сноуден борлигига ишонганлари учун ўз ҳаво ҳудудларидан ўтишига рухсат бермагандилар.

У 23 июн Москвага Хонг Конгдан етиб келганидан бери қўналғада қолмоқда. Лекин шу пайтгача омма ўнгида кўриниш бермаганди.

Бугун унинг ҳузурига чақирилганлар орасида Amnesty International ва Human Rights Watch ташкилотлари вакиллари ҳам борлиги айтилган.

Эдвард Сноуден транзит ҳудудидан бошпана берилганлиги ҳақидаги расмий ҳужжатларсиз, ё-да паспорт ва Россия визасисиз чиқа олмайди.

АҚШ расмийлари унинг америка паспортини бекор қилишган.

Эдвард Сноуден ошкор қилган ҳужжатларда АҚШ билан бирга Британия ва Франция ҳам Интернет ва телефон алоқаларини назорат қилганлари айтилганди.

Бу мавзуда батафсилроқ