Британиядаги масжид яқинида портлаш юз берган

Британия полицияси марказий Англиянинг Типтон шаҳар масжиди олдидаги портлашни террор ҳодисаси сифатида текширмоқда.

Портлаш жума намози ўқилишидан олдин содир этилган.

Полицияга кўра, портлашдан жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ. Масжид атрофи хавфсизлик нуқтаи назаридан ўраб олинган.

Ушбу масжид 2002 йилда Афғонистонда қўлга олиниб, Гуантанамога жўнатилган уч маҳаллий мусулмон йиғиладиган жой бўлгани билан полицияга таниқли.

Масжид олдидаги дўкон эгасининг айтишича, портлаш юз бергач полиция одамларни кўчиришга унча шошилмаган."Эвакуация учун 40 дақиқа керак бўлди. Одамлар жуда қўрқишди", деб айтган Садрат Хон деган киши.

Би-би-си мухбирига кўра, одатда соат 13.00 да ўқиладиган намоз Рўза ойи бўлгани учун бир соат ортга сурилган.

Портлаш одатий намоз вақтини кўзлаб амалга оширилган.

Ҳодиса Лондоннинг Уилич туманида ўлдириб кетилган британиялик ҳарбий Ли Ригбининг дафн маросими билан бир кунга тўғри келишини ҳам полиция ўрганмоқда.

Қироллик полкининг барабанчиси бўлган Ли Регби май ойида Уиличдаги ҳарбий казарма олдида исломни яқинда қабул қилган 28 ёшли Майкл Адеболаджо томонидан даҳшатли тарзда ўлдирилган эди.

Майкл Адеболаджога кўра, бутун дунёда мусулмонларнинг ҳар куни ўлдирилишига жавобан шундай қотилликка қўл урган.

Британиялик ҳарбийнинг ўлдирилиши бутун мамлакат бўйлаб аксилисломий чиқишларни сезиларли тарзда кучайтириб юборди.

Хабарларда Англиянинг турли масжидлари, исломий мактабларига ҳужумлар бўлгани, мусулмон аёлларнинг бошидаги рўмолни тортиб олиш ва ҳақорат қилишлар кузатилгани айтилганди.

Бу мавзуда батафсилроқ