Афғонистонда ўз жонига қасд қилган британиялик аскарлар кўп

Би-би-си текширувида аниқланишича, ўтган йили ўз жонига қасд қилиб ўлган Британиялик аскар ва собиқ аскарларнинг сони Афғонистонда Толибонга қарши жангларда ҳалок бўлган ҳарбийларнинг сонидан кўп бўлган.

Би-би-си Панорама дастури аниқлашича, 2012 йили хизматдаги ва собиқ аскарлардан ўзини ўлдирганларнинг сони 50 тани ташкил этган.

Ўтган йили Афғонистонда Толибонга қарши амалиётларда 40 британиялик ҳалок бўлган.

Айрим аскарларнинг оилалари ўз жигарбандларига етарлича ёрдам берилмагани ҳақида зорланадилар.

Британия Мудофаа вазирлиги эса ўз ўзини ўлдириш ҳолларининг ҳар бири бир фожеадир дейди.

Алҳол, вазирликка кўра, собиқ аскарлар орасида худкушлик тинч аҳоли орасида бўлган рақамлардан кўра озроқдир.

Ўтган йили 7 собиқ аскар ўз жонига қасд қилиб бу дунёни тарк этгани, яна 14 нафар бу каби ҳолатлар текширилаётгани маълум бўлган.

Улар Афғонистонда жанг қилган Британия аскарларидир.

Британия ҳукумати, Америкадан фарқли ўлароқ, собиқ аскарлар орасида худкушлик ҳолатларини қайд қилиб бормайди.

ББСнинг Панорама дастури мустақил бир шаклда 2012 йилда 29 нафар собиқ жангчилар ўз жонларига қасд қилганини ўрганган.

Ўзини ўлдирган собиқ аскарлардан бири Дан Коллинс 2009 йилда Ҳелмандда жанг қилган.

У икки марта ўқ еган. Йўл четида ўрнатилган бамб портлаб оёғидан қаттиқ жароҳат олган.

Унинг дўсти ва қуролдоши Дайн Элсон бир неча қадам нарида портлаб танаси парча парча бўлиб кетган.

Дан Коллинснинг онаси ўз ўғли Афғонистонда экан ўзгара бошлаганини айтган.

Бир кун у телефон қилиб, Онажон, ман турган жой ердаги дўзахдир, бу ердан кетишни истайман деб айтган.

Олти ойдан кейин у ўз қаллиғи Вики Роач ҳузурига қайтади. " Мен унда ўзгаришларни кўрдим. Кечалари босриқиб чиқарди. Ухлолмасди. Мен унга ёрдам бермоқчи бўлдим, аммо нима қилишни билмасдим. Алал оқибат унда кетишини сўрадим дейди Роач хоним.

Коллинсга руҳий тушкунликка тушиш қабилида ташхис қўйилади.

Ўн ой даволанганидан кейин унга яна хизматга қайтишга тайёрсан, дейишади.

Кейинги уч ой ичида у ўзини икки марта ўлдиришга ҳаракат қилади.

2011 йилнинг сўнги куни, янги йил оқшомида Коллинс уйига кетади. Кийимини кийиб тоғли жойга боради.

Телефонига видолашув видеосини ёзиб қолдиради. Ўзини осади. У 29 ёшда эди.

Доктор Клаудия Ҳербертга кўра, бирор бир салбий воқеа ҳодисадан кейин рўй берадиган тушкунлик то касалликка айланганча айрим ҳолатларда йиллар ўтади.

PTSD ёки травматик ҳолатдан кейин руҳий зўриқиш касаллигида инсон тушкун кайфиятда бўлади.

Бу касалликка чалинганлар сони Афғонистонда хизмат қилиб қайтган аскарлар орасида ўтган уч йил давомида икки карра ошгани айтилади.

Аммо доктор Ҳербертга кўра, " бу касалликнинг ўзи инсонни ўз жонига қасд қилишга етакламаслиги керак".

Собиқ ҳарбийлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кузатиб борилиши лозим.

Мудофаа вазирлиги эса тиббий ёрдамга муҳтож собиқ аскарлар учун ўн миллион америка долларидан ортиқ молия ажратганини айтади.

2001 йилдан бери Британия Мудофаа вазирлигига кўра, қарийб 135 минг нафар Британия аскари Афғонистонда хизмат қилган.

Бу мавзуда батафсилроқ