Бангладеш: етакчи исломий партия асосчиси айбдор деб топилди

Image caption Ғулом Аъзам "Жамоати Исломий" партиясини 1969 йилдан 2000 йилгача бошқарган.

Бангладешдаги махсус маҳкама мамлакатдаги энг нуфузли исломий партия "Жамоати Исломий" раҳбари Ғулом Аъзамни 1971 йилдаги Покистонга қарши урушда қуролли гуруҳ тузиш ва минглаб инсонларни ўлдиришда айбдор деб топди.

У 90 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди.

Ғулом Аъзам Бангладеш ҳукумати 2010 йилда ташкил этган Халқаро Жиноят Трибуналида бўйнига айбловлар қўйилган энг нуфузли исломий уламодир, деб хабар қилади Би-би-си мухбири Анбарасан Этиражан.

"Жамоати Исломий" партияси Бангладешнинг Покистондан мустақил бўлишига қаршилик қилган ва жаноб Аъзам бу ҳаракат етакчиларидан бўлган.

Қоралов томонига кўра, Ғулом Аъзам покистонпараст жангариларнинг бошқарувчи кучи бўлган ва бу жангарилар Бангладеш мустақиллиги учун жангларда кўплаб ваҳшийликларни содир этганлар.

Ғулом Аъзам адвокатлари унга нисбатан илгари сурилган айбловларни рад этганлар.

1973 йилда Бангладеш ҳукумати Ғулом Аъзамнинг фуқаролигини бекор қилган.

У 1978 йилгача Покистон ва Британияда муҳожирликда яшаган ва ватанига қайтган.

Бангладеш Олий маҳкамаси 16 йилдан сўнг унинг фуқаролигини қайта тиклаган эди.

Ғулом Аъзам 2000 йилда сиёсий фаолиятини тўхтатиши ҳақида эълон қилган.

Дастакловчилари Ғулом Аъзамни ёзувчи ва исломий мутафаккир деб таърифлайдилар.

Танқидчиларига кўра эса у хоиндир.

90 ёшли таниқли шахсга нисбатан ҳукм Бангладешда тобора кўп беқарорликларга сабаб бўлиши мумкин, дейди мухбиримиз.