Ҳиндистонда мактабдаги овқатдан заҳарланиб 22 бола нобуд бўлди

Ҳиндистоннинг Биҳар штатида мактабда берилган овқатдан заҳарланиб 22 бола қурбон бўлиши ортидан кенг миқёсли намойишлар бошланиб кетди.

Маҳаллий шифохона докторларидан бирининг айтишича, пестицидларда ишлатиладиган кимёвий модда болаларнинг заҳарланишига сабаб бўлгани эҳтимоли бор.

Биҳардаги мактабларда болалар учун тушки овқат бепул берилади. Аммо бу овқатларни тайёрлаш жараёнидаги тозалик муаммоси доимо долзарб бўлиб келган.

Мамлакатда ҳукумат дастурига мувофиқ 120 миллион ўқувчига бепул овқат берилади.

Заҳарланиш рўй берган мактаб ошпази янги турдаги ёғ заҳарланишга сабаб, дея тахмин қилган.

Сешанба куни рўй берган ҳодисадан сўнг яна 28 бола касалхонага ётқизилган.

Ёш болаларнинг деярли ярми тўйиб овқатланмайдиган Ҳиндистонда бепул овқатлар очлик ва саводсизликка қарши курашда асосий қурол сифатида кўрилганди.

Иқтисодчиларга кўра, бу дастур мактабга қатновчи болалар сонини ошириб, турли қатламга тегишли болалар ўртасидаги фарқни камайтириш йўлида анчайин муваффақиятга эришган.

Би-би-сининг Ҳиндистонда бўлган мухбирининг хабар беришича, болалар ўлимидан сўнг калтаклар билан қуролланган ғазабнок аҳоли автомобил ва поезд йўлларини тўсиб қўйишган.

Улар шунингдек, автобусларга ўт қўйиб, шахсий мулкка зарар етказишган.

Таълим вазирининг матбуот анжуманида айтишича, мактаб ошпази ҳам ўзи тайёрлаган овқатни еганидан сўнг касалхонага ётқизилган.

Ошпаз яқинда мактабга келтирилган ёғ шубҳали эканлигига бепул овқат учун масъул бўлган шахс эътиборини қаратган. У эса ёғ шахсий хонадонда тайёрлангани ва фойдаланиш учун хавфсиз эканлигини айтган.

Вазирнинг айтишича, ушбу ёғ ўша шахснинг турмуш ўртоғи томонидан юритиладиган дўкондан сотиб олинган экан.

Расмийнинг айтишича, дўкон эгаси ва унинг яна бир яқини ҳозирда қочиб кетганлар.

Заҳарланиш сабабларини аниқлаш учун текширув ишлари бошланган. Ҳар бир қурбон бўлган бола оиласи учун 3 минг 700 доллар миқдорида товон тўланиши айтилган.

Ҳаммаларининг ёшлари 12га қадар бўлган баъзи заҳраланган болаларнинг аҳволлари оғир ва қурбонлар сони ортиши мумкинлигидан хавотирлар мавжуд.

Қишлоқ аҳлининг айтишича, бу каби заҳарланиш ҳоллари аввал ҳам рўй берган.

Бу мавзуда батафсилроқ