Муслималар дунё подиумларини забт этишмоқда

Image caption Анъанадор жамиятдан чиққан эмасми, Ҳинднинг моделликни танлашига муносабат ҳам қоришиқ бўлган

Сўнгги йилларда араб супермоделлари жаҳон модалар оламига кириб боришаркан, араб аёли ҳақидаги анъанавий қарашлар ҳам ўзгаришларга юз тутмоқда.

Марокашлик Ҳинд Саҳли бор-йўғи бир неча йилдан буён моделлик қилаётган эса-да, аллақачон “Marc Jacobs”, “Kenzo” ва “Vera Wang” каби дунёга донғи чиққан модалар уйлари билан ишлашга улгурган.

Ҳинд ўзининг муваффақияти сирини бир нечта нарсага йўяди: “Модалар оламида ҳам янгиликни ёқтиришади. Ҳар қандай янгилик яхши кўринади”, дейди марокашлик супермодел.

Бироқ, бошқа томондан, Араб оламининг турфа хиллиги ва ўзига хос маданияти ҳам жаҳон мода олами вакилларининг диққатини ўзига тортмай қўймаган.

“Дизайнер ва фотографларга бизнинг ўзгачалигимиз ёқади. Бундан ташқари, бизнинг бошқаларникидан ўта фарқли бой маданиятимиз бор. Биз жуда кўп нарсалардан руҳланишимиз мумкин”.

Анъанадор жамиятдан чиққан эмасми, Ҳинднинг моделликни танлашига муносабат ҳам қоришиқ бўлган.

Муносабат

“Қароримга кўпчиликнинг муносабати яхши бўлди. Марокашдан ҳам номдор модел чиқса яхши-да, деган фикрда бўлган одамлар кўп. Кейин ёш қизлар ҳам менга кўп қизиқишади. “Facebook” орқали хат ёзиб, моделликни қандай қилиб бошлаганимни, моделликнинг қанақа бўлишини сўрашади. Саноқли бўлса-да, албатта, салбий фикр билдирганлар ҳам бўлди. Бироқ мен уларга эътибор бермайман. Чунки қилаётган ишим ўзимга ёқади”, дейди Ҳинд.

Аммо Ҳинд Саҳли жаҳон мода оламини маҳлиё этган ягона араб қизи эмас. Дейлик, тунисиялик Ҳанаъ бин Абдесслемнинг омади Ҳинддан ҳам кулиб боққан. Ҳанаъ билан кимсан Франциянинг машҳур “Lancome” ширкати шартнома имзолаган.

Буюк Британиядаги Мусулмон хотин-қизлари тармоғи раҳбари ва инсон ҳуқуқлари фаоли Шоҳиста Гавҳарнинг ишонишича, Ғарбда мусулмон араб аёли ҳақида қотиб қолган қараш мавжуд ва бугун моделлик билан шуғулланаётган араб қизлари уни ўзгартиришга ёрдам беришлари мумкин.

“Сўз дунёнинг анчайин анъанадор қисми ҳақида кетаётгани учун ҳам, бу қизларнинг қарорларини, сўзсиз, инқилобий ва жуда дадил қадам деб айтиш мумкин”.

“Ҳар доим кимдир биринчи бўлиб қотиб қолган қарашларни ўзгартирса, бу бошқа қизларни ҳам руҳлантиришга хизмат қилади”, дейди Шоҳиста хоним.

“Менимча, бу каби стереотипларнинг шаклланишига мусулмон аёлларини ўранган ва инқи чиқмайдиган қилиб тасвирловчи матбуотнинг хизмати катта. Араб аёлининг ўзгача қиёфасини кўриш учун эса, ҳар йили эълон этилувчи “Дунёнинг энг қудратли 100 аёли” рўйхатига назар ташлашнинг ўзи кифоя, менимча”.

Ўзини эътиқодли муслима сановчи Ҳинд Саҳлининг айтишича, ўзига ўхшаб моделлик қилаётган араб қизларининг аксарияти ҳам мусулмон оилаларидан чиқишган.

“Узоқ қариндошларимга менинг моделлик қилишим ёқмади. Аммо мени руҳлантирганлар ота-онам бўлишди”.

“Онам ҳижобда юрадилар. Бу – у кишининг танловлари. Демоқчиманки, отам, онам ва қолган оила аъзоларим эътиқодли мусулмонлар, намоз, рўза, ҳамма-ҳаммасини адо этишади”.

Араб бозори

Image caption Ҳанаъ билан кимсан Франциянинг машҳур “Lancome” ширкати шартнома имзолаган

Араб дунёсида ёшлар бозори гуркираб ривожланиб бораяпти эмасми, манаман деган дизайнеру брендлар ундан бир четда қолишни исташмайди.

Бунинг учун эса, уларнинг араб моделларидан фойдаланишларига тўғри келади. Чунки харидорлар ўзларига ўхшаган қиёфа реклама қилган маҳсулотни сотиб олишни исташади.

Модалар бўйича мутахассис Лауретта Робертснинг ишонишича, араб моделларининг кириб келиши модалар оламида туб бурилиш ясаган.

“Қандай жамият ёки маданиятдан келиб чиқишларидан қатъиназар, моделлар аксаран одатий ва кундалик қиёфада подиумга чиқарилади. Дейлик, уларнинг Шарқий Оврўпо ёки америкалик моделлардан фарқлари бўлмайди. Бу эса, менимча, ўта ижобий ҳолат. 70-йилларда ҳам, саноқли бўлса-да, Иймонга ўхшаш модалар оламига ёриб кирган муслима моделлар бўлганди. Бироқ, улар нисбатан экзотик қиёфада намоён этиларди”, дейди у.

Робертс хонимга кўра, араб моделларининг бўй кўрсатишига, бошқа томондан, пул ҳам сабаб бўлди. Чунки Яқин Шарқ ва Осиё бозорлари гуллаб-яшнади:

“Дизайнерлар ва брендлар пул қаёқда бўлса, ўша ерга боришади. Ҳозир эса, араб давлатларида пул кўп. Бунинг учун биргина у ердаги кийим-кечак бозорларига назар ташлашингизнинг ўзи кифоя. Ҳаммаси энг сўнгги урфдагиси. Бу бозорлар ўз вақтида бой америкаликлар учун мўлжалланганди”.

“Ҳозир уюштирилаётган модалар шоуларига қарасангиз, улар Араб харидорининг эътиборини тортишни кўзлаган. Чунки бугун намойиш этилаётган ана шу кийим-кечакларни уларнинг чўнтаклари кўтаради”.

Араб моделларининг бўй кўрсатиши билан бир вақтда Араб баҳори ҳам юз берди. Сўнгги инқилоблар ортидан, Яқин Шарқда араб аёлларининг мавқеълари ҳам, секинлик билан бўлса-да, ўзгаришларга юз тутмоқда. Ҳинд Саҳли бунда кичик бўлса-да, ўзининг ҳиссаси борлигидан ҳам ғурурланишини айтади.

“Менинг ўз юртимни ташлаб, дунёнинг манаман деган подиумларига кўтарилиб, модел сифатида қозонаётган муваффақиятларим бошқа ёш қизларга ҳам далда бўлади, уларни ҳам худди шу йўлга ундайди”, дейди Ҳинд.

Бу мавзуда батафсилроқ