Россияда маҳкама Навальныйни озод қилиш ҳақида ҳукм чиқарди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Алексей Навальный Кремлнинг ашаддий танқидчиси сифатида танилган

Ўғирликда айбдор деб топилиб, 5 йилга озодликдан маҳрум этилишидан бир кун ўтиб Кремль танқидчиси Алексей Навальный маҳкама ҳукми кучга киргунига қадар озодликка чиқарилган.

Киров вилоят маҳкамаси ҳукмига кўра, мухолифат фаолини ҳибсда ушлаб туриш унинг Москва шаҳар ҳокимлиги учун кураш олиб бориш ҳуқуқидан маҳрум этади.

Алексей Навальный Москва шаҳри ҳокимлиги учун сентябр ойида бўлиб ўтажак сайловларга номзод сифатида рўйхатдан ўтган.

Унинг озодликдан маҳрум этилиши минглаб россияликлра эътирозига сабаб бўлганди.

Навальныйнинг ўзи унга чиқарилган ҳукмни "сиёсий важлар"га асосланганини даъво қилганди.

Алексей Навалый Россия президенти Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси сифатида танилган.

Ҳаракатланиш чеклови

Пайшанба куни кечқурун прокурорлар Навальный ва унинг шериги Пётр Офицеровга чиқарилган ҳукмга эътирозан эътироз аризасини йўллаганди.

Айблов томони ҳукм кучга кирмагани учун уларни ҳибсда сақлаш ноқонуний бўлади деган важни илгари сурган.

Навальный ва Офицеров дарҳол озод этилган.

Озод этилган мухолифат фаоли Москва ҳокимлиги учун караш кампаниясини бошлашини айтган.

Навальный ва унинг шеригига шаҳардан чиқиб кетмаслик буйруғи берилган.

Таҳлилчиларга кўра, мухолифат фаолининг озод этилиши жамоатчилик ғазабини пасайтиришга қаратилган бўлиши мумкин.

Алексей Навальный бугунда мухолифатнинг энг кўзга кўринган фаолларидан биридир.

У Россияда кенг тарқалган коррупцияга қарши кураши билан сиёсий элитанинг жиғини қўзитиб келади.

Навальный ҳукуматдаги "Бизнинг Россия" партиясини "Қаллоблар ва ўғрилар партияси" дея тасвирлаши ортидан, партия бу лақабдан қутула олгани йўқ.

Унга нисбатан ҳукм чиқарилиши ортидан Москва ва Санкт Петербург каби Россиянинг қатор шаҳарларида минглаб одамлар кўчаларга чиққан ва полиция билан тўқнаш келганди.

Хабарларга кўра, ўнлаб инсонлар полиция томонидан ҳибга олинган.