Детройт АҚШ тарихида энг йирик касодга учраган шаҳарга айланмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи .
Image caption Детройт бир пайтлар Америка автомобил саноатининг маркази ҳисобланарди

Бир пайтлар Америка автомобил саноатининг маркази бўлган Детройт шаҳри ташқи қарзлари 15 миллиард доллардан ошиб кетгани боис касодга учрагани эълон қилинган.

Агар маҳкама шаҳарнинг молиявий жиҳатдан ўзини тиклашга қодир эмас деб топса, Детройт Америка тарихидаги энг йирик касодга учраган шаҳарга айланади.

Шаҳарни инқироздан қутқариб қолиш учун Мичиган штати ҳокимияти Детройтга фавқулодда вазифаларни бажариш бўйича шаҳар-менежерини тайинлаган.

Бу лавозимга бир пайтлар Chrysler автомобил концернини касоддан қутқариб қолган ҳуқуқшунос ва молиячи Кевин Орр тайинланган.

Орр федерал ҳакамдан шаҳарнинг молиявий аҳволини ўрганиш ва қарз берувчилар билан мулоқот ўтказиш учун унга бир оз муҳлат беришни сўраган.

Ўтган ой Детройт шаҳар аҳолисини нафақа ва ижтимоий ёрдам билан таъминлаш учун ташқи қарзларни тўлашни тўхтатишга мажбур бўлганди.

Бир пайтлар гуркираб ривожланган ва Америка автомобил саноатининг маркази ҳисобланган Детройт шаҳри бир неча йилдан буён молиявий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Бунга, илк навбатда, шаҳар аҳолисининг кескин қисқариши сабаб бўлган.

2000 йилдан 2010 йилга қадар шаҳар аҳолиси 250 мингга камайган. Кўпчилик бошқа штатларда яшаш учун кўчиб кетган.

Аҳоли кўчишига эса шаҳар инрфатизилмасига сармоялар қисқариши сабаб бўлган.