Британия: украиналик талаба кекса мусулмоннинг ўлимида айбланмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Муҳаммад Салим масжиддан чиққан пайти пичоқланган

Британияда марказий Бирмингем шаҳрида кекса мусулмон кишини ўлдирганликда айбланган украиналик талаба устидан маҳкама бошланган.

82 ёшли Муҳаммад Салим шу йил апрелида намоздан сўнг масжиддан чиқиб, уйига бораётган пайт пичоқланган эди.

Полициянинг айтишича, гумондор- Павел Лапшин Англиянинг марказий шаҳарларидаги масжидлар яқинида юз берган портлашлар юзасидан ҳам сўроққа тутилмоқда.

Днепропетровсклик талаба Павел Лапшин Лондондаги Вестминистер магистрат маҳкамасида ҳозир бўлган.

Маҳкама жараёнини кузатган Би-би-си Рус хизмати ходими Юрий Журавелнинг айтишича, Лапшин ҳеч нарса гапирмаган ва фақат ўз исми-шарифи ҳамда туғилган санасини тасдиқлаган, холос.

Маҳкама терроризмда ҳам айбланаётган Лапшинни ҳибсда қолдириш ҳақида қарор чиқарган.

'Терроризмга алоқадор'

Британия полицияси Бирмингемдаги қотилликни терроризмга алоқадор, дея тасвирлаган.

Лапшинга нисбатан шу йилнинг 24 апрел ва 18 июл кунлари террорчилик амаларини содир этишга уриниш айблари ҳам эълон қилинган.

Гумондор портловчи модда ясаш учун батарея, контейнер ҳамда соат сотиб олгани айтилган.

Лапшин ўз нишонини топиш учун Уэст-Мидлендсга сафар қилиш, интернет орқали кимёвий моддаларни сотиб олиш ва мобил телефонини портловчи модда билан бирга ишлатиш учун мослаштирганликда айбланади.

Жиноятга ундаган сабаблар маълум эмас.

Павел Лапшин талабалар ўртасидаги танловда ғолиб чиқиб, Бирмингемдаги Delcam ширкатига малака ошириш учун юборилган.

Ширкатнинг айтишича, 25 ёшли украиналик талаба Оврўпо Иттифоқи лойиҳаси доирасидаги малака оширишни 24 апрелда бошлаган, 22 ёшли украиналик эса 1 июндан ширкатга келган.

Лапшин билан бирга ҳибсга олинган 22 ёшли украиналик якшанба куни айбсиз озод этилганг ва ҳозирда тергов билан ҳамкорлик қилаётгани айтилади.

Delcam ижрочи директори Клайв Мартелл талабаларнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабар ширкатнинг барча ходимларини "даҳшатга солгани"ни айтган.

Айни пайтда Британиядаги украиналиклар Иттифоқи ўзининг Facebook даги саҳифасида украиналикларнинг ҳибсга олинишидан ларзага тушганини билдирган.

Муҳаммад Салим 29 апрел куни Бирмингемнинг Грин-Лэйн кўчасидаги масжиддан чиққан пайт орқасидан пичоқланган.

Унинг жанозаси 13 июл куни бўлиб ўтган.

Қайта суд-тиббиёт экспертизаси ўтказилиши сабаб жаноза бир неча марта кечиктирилган.

Британия Статистика вазирлигига кўра, Бирмингем аҳолисининг 22 фоизини мусулмонлар ташкил этади.