Делфинлар бир-бирларини отларини айтиб чақиришади

Биологларга кўра, делфинлар худди одамларга ўхшаб, ўз исмини англатадиган овозга жавоб қайтаради.

Тадқиқотчилар таъкидлашича, ҳар бир делфиннинг ўз чақириғи бўлиб, унинг учун "ташриф қоғози" ёки исм вазифасини бажаради.

Делфинлар фарқ қилувчи овозлар ёрдамида бир-бирини чақиради ва "ўз исми"га жавоб беради.

Биологлар узоқ вақтдан буён делфинларнинг шундай хислатлари борлиги ҳақида ўрганиб келишаётган эди.

Олдинги тадқиқотлар делфинлар исмларни ишлатганда, бошқа делфинлар эшитиб қайтариши ва эслаб қолишини кўрсатган.

Лекин Шотландиянинг Сент-Эндрю университети олимлари илк бор делфинлар одамларга ўхшаб ўз исмига жавоб қайтаришини аниқлаганлар.

Тадқиқотчилар делфинларнинг овозларини ёзиб олиб, ҳар бирининг бошқасидан фарқ қилишини сув ости овозларини ёзиб олувчи ускуна ёрдамида ўрганишган.

Махсус овоз

"Биз делфинларга гуруҳларида ишлатилган товушлар, уларнинг репертуаридаги бошқа овозлар ва умуман ўзлари кўрмаган бошқа ҳайвонларнинг сасларини эшиттирдик. Тадқиқот натижасида шуни кўрдикки, делфинлар ўз исмларига мос товушни эшитганда жонланиб, уларни қайтаришди", - дейди Сент Андрю университети доктори Яник.

Олимларнинг ишонишича, делфинлар инсонларга ўхшаб ўз исмларини яхши билади. Тадқиқот натижалари Миллий Фанлар Академияси ишларида чоп этилган.

"Делфинлар муҳим бир белгиси бўлмаган уч табақали кенгликда яшайдилар ва ҳамиша сергаклик талаб қилинади.

Кўп ҳолларда улар бир-бирларини кўришмайди ва ҳид орқали топа олмайдилар. Шу боисдан йўқолиб қолмасликлари учун алоҳида муомала тизими керак бўлади",-деб тушунтиради доктор Винсент Яник.

Олимларнинг айтишича, бундай хусусият ҳайвонларда биринчи бор аниқланган.

Баъзи тадқиқотчиларга кўра эса, маълум бир тўтиларда ҳам махсус овоз орқали бир-бирини чақириш хислати мавжуд.

Бундан олдин америкалик олимлар делфинлар миясининг тузилиши уларнинг 15 кунгача ухламай фаол ҳаракат қилишига ёрдам беришини аниқлаганлар.

Делфинларнинг бу хислати уларнинг яшаб қолишига кўмаклашади. Делфинлар сув устига чиққанда, бир кўзи сув остидаги вазиятни кузатса, иккинчиси бирор йиртқич хавф солмаётганини текшириб турар экан.