Кучерена: Сноуден ҳали аэропортни тарк эта олмайди

Image caption Эдвард Сноуден бир ойдирки аэропорт меҳмонхонасида яшаб келаяпти

Марказий Жосуслик Хизматининг собиқ ходими Эдвард Сноуден Шереметьева аэропортининг транзит зонасини ҳозирча тарк қила олмайди.

Бу ҳақда Сноуденнинг ҳимоячиси Анатолий Кучерена маълум қилган.

Сноуденнинг ҳужжатлари ҳақида чоршанба куни қарама-қарши хабарлар тарқалган. Ҳимоячи Анатолий Кучеренанинг сўзларига биноан, қариийб бир ойдан бери аэропортда қолаётган Сноуденнинг у ердан чиқишига имкон берадиган ҳужжат ҳали топширилмаган.

Олдинроқ, АҚШ махфий хавфсизлик ҳужжатларини ошкор қилган Эдвард Сноуденга Москванинг Шереметьево аэропортидан чиқишга расман рухсат берилгани айтилганди.

Москвадан олинган хабарларга кўра, Россия Федерал миграция хизмати бу ҳужжатни берган ва Сноуден уни яқин орада қабул қилиб олиши айтилади.

У 23 июнда Гонконгдан учиб келганидан бери Шереметьево аэропортининг транзит ҳудудида яшаб келаётганди. Қонуний жиҳатдан, у ҳали ҳам Россия чегарасини кесиб ўтмаган.

АҚШ ҳукумати махфий кузатув дастурлари сирларини фош қилгани учун унинг Америкага қайтарилиши ва маҳкамага тортилишини истайди.

Бу дастурлар доирасида оддий одамлар ва дипломатларнинг телефон суҳбатлари Америка агентлари томонидан эшитилган.

Расмий Вашингтон Сноуденни миллий хавфсизлик маълумотларини ҳорижга фош қилгани учун айғоқчиликда айбламоқда.

Сноуден бир ҳафта аввал Россиядан вақтинчалик бошпана сўраган.

Россиянинг Интерфакс хабар агентлигига кўра, Сноуден келгуси бир неча соат ичида аэропортнинг "стерил ҳудуди"ни ташлаб чиқиши мумкин.

Манбага биноан, унга янги кийим-кечаклар берилади.

Унга янги ҳужжатларини ҳимоячиси Анатолий Кучерена топшириши кутилади.