Сомали қароқчилари қўлида 6 ой ўтказган аёл ҳикояси

Image caption Жудит Теббат гаровдан озод қилинган куни ва ҳозирда.

Жудит ва Девид Теббат Кенияда таътилда бўлган вақтлари бир гуруҳ қуролли кишилар томонидан ўғирлаб кетилгандилар.

Қуроллилар Девидни ўлдириб, Жудитни Сомалига олиб кетдилар ва олти ой гаровда ушладилар.

Озод этилишидан бир йилдан кўп вақт ўтиб, Жудит омон қолиш учун қилган кураши ҳақида ҳикоя қилади.

Жудит уни Жуд деб чақиришларини афзал кўради. Жудни учратар экансиз, олти ой давом этган ҳақоратлар, хўрлашлар, жонига таҳдидлар ва исқирт хонада ўтказган оч кунлари ортидан у қандай қилиб бу қадар ўзига ишонган ва иродаси мустаҳкам намоён бўлишига ҳайрон қоласан киши.

У қандай бўлмасин омон қолишни мақсад қилиб олганди. Бу мақсади ҳақида у "Уй сари узоқ йўл" китобида ва Би-би-си билан бўлган суҳбатида батафсил ҳикоя қилади.

Хартфордшир вилоятининг Бишопс Стратфорд шаҳридан бўлган Жуд гаровга тушган бошқа инсонларга куч-қувват бўлишни истайди.

"Бу китоб жаҳон бўйлаб, ва айниқса Сомалида гаровга олинган одамлар учун. Чунки мен биламан улар қандай шароитларда ушлаб турилганлари ва улардаги умид учқуни сўнмаётганини. Умид менинг ягона ҳалоскорим эди", - дейди у.

Жуднинг даҳшатли кунлари 30 йиллик турмуш ўртоғи билан ажойиб таътилдек намоён бўлган саёҳат чоғида бошланди. Девид "Фабер энд Фабер" нашриёт уйининг молиявий директори эди.

Улар турмуш қуришдан аввал илк марта Африкада учрашганлар ва Девид Африкани жуда севарди.

Image caption Жудитни 2012 йили март ойида озод қилганларига қадар 192 кун тутқунликда ушладилар.

2011 йил сентябрида, Кениянинг Масай Мара номли жонзотлар ҳимоя қилинувчи ҳудудида бир ҳафта дам олгач, улар Кениянинг Ламу оролларидаги Киваю Бич курортига келиб жойлашдилар. Бу дам олиш маскани Сомали қирғоғидан атиги 40 чақирим узоқликда жойлашган.

Жуд бу ерда бошиданоқ ўзини ноқулай ҳис этди.

"Нимадир ёқмади менга. Жуда сокин жойлар эди. Менга у ерда биздан бошқа ҳеч кимса йўқлиги айтилганда, ўзимни ғалати сездим", - дейди у.

"Бизга берилган хона бошқа бинолардан жуда узоқ эди. Девид эса, "Ҳавотир олма, бу бизнинг Робинзон Крузоча саргузаштимиз бўлади", деди.

Лекин, биринчи тундаёқ Жуд қоронғида Девиднинг ким биландир курашаётганидан уйғониб кетди. Кейин унга кимдир милтиқ ўқтади ва қирғоққа судради.

Оёқяланг, тунги кийимларидаги Жудни кемадаги ёқилғи канистрлари устига улоқтиришди ва кема денгиз сари юқори тезликда суза кетди.

"Мени улоқтиришганда бошимни канистрга уриб олдим ва қошим ёрилди. Миям қизиб борарди, нималар бўлаётганини тушунишга уринардим", - дейди у.

Бироқ, бу даҳшатли онларда ҳам Жуд вазият устидан назоратни қўлга олишга уринди. У гаровгирлари билан яхши ва ишончли муносабатни ўрнатиш учун уларга қараб жилмайди.

Image caption Жудитни мана шу чайлалардан денгиз томон олиб қочишган.

Британияда руҳий касалликлар мутахассиси бўлиб ишлаган Жуд қароқчилар билан имконқадар дўстона алоқага ўрнатишга уриниши кераклигига ишонарди.

Тутқунликдаги бир неча ҳафта ўтказганидан сўнг у сомаличасига "илтимос" ва "раҳмат" дейишни ўрганиб олди. У қароқчилар уни фақат сотиладиган маҳсулот эмас, инсон сифатида кўришларини истади.

"Мен бу одамлардан нафратлансамда, улар билан номаълум муддатга қолишим ва шунинг учун улар билан яхши алоқаларни ўрнатишим лозимлигини англардим", - дейди у.

Лекин, Жуд назоратни тўлалигича қароқчилари қўлига беришдан бош тортди.

"Улар мени бошдан оёқ сомалича кийимга ўрамоқчи бўлишди, тўлиқ ҳижоб ва жилбоб, ва ҳоказолар. Уларни кийганимда, қароқчилардан бири "Воҳ-воҳ, қандай гўзал сомалилик аёл!" деб мени мақтади.

"Мен сомалилик аёл эмасман, сомалилик аёл бўлишни истамайман ҳам, шундай экан, дарров бу устбошларни ечиб ташладим. Бу кийимлардан жуда нафасим сиқилганди ва ўзимни ёт ҳис қилдим."

"Муҳими ўзлигингни йўқотмаслик. Улар сени қанчалар хўрлаб, ерга урмасин, ўз ўзингга кимлигингни ҳар доим эслатиб туришинг керак. Мен ҳали ҳам Жуд эдим ва Жуд бўлиб озодликка чиқишни истардим."

Диққинафас, кир хонада сақланган Жуд ўзини жисмонан соғлом тутишга ҳам уринди. У кунига ҳар соатда ярим соатдан хонасида юриш бўйича режа ишлаб чиқди.

Қароқчиларни ҳайрон қолдириб, пилатес машқларини ҳам канда қилмади.

У қуввати бор вақтида машқларни мунтазам равишда бажарди, аммо ойлар ўтиб, овқат озлигидан ҳолдан тойди.

Жудни озод қилиш йўлидаги музокаралар тутқунлигининг илк кунларидаёқ бошланган. Бир неча ҳафта ўтгач, унинг ўғли Олли онаси билан қароқчининг телефони орқали суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Image caption Жудит Африкадаги таътил турмуш ўртоғи билан ўтказган энг ширин онлари бўлишини орзу қилганди.

"Мен Оллидан "Даданг қандай? Даданг бу воқеаларни қандай қабул қилаяпти?" деб сўрадим".

Жуд Девид омон қолганига ва ўз рафиқасини озод қилиш учун ҳаракат қилаётганига ўзини ишонтирганди.

"Лекин, Олли "Ойи, дадам ҳақида сизга бир нарсани айтишим керак. У жароҳатларидан омон қолмади", деди. Мен эса, "Нималар деяпсан? У ўлди демоқчи бўлаяпсанми?" дейишим билан, қароқчи уч дақиқалик суҳбатимизни узиб қўйди".

"Ўша пайти қароқчиларнинг ҳаммаси шу хонада эди. Мен уларга бирма-бир юзланиб, "Сен ўлдирдинг эримни!", "Сен ўлдирдинг эримни!" дедим. Улар бирма-бир хонани тарк эта бошладилар. Ёнимда фақат раҳбари қолди. Мен унга "Сен. Сен ўлдирдинг!" дедим. Кўзини олиб қочмагунча, унга тикилиб, шундай дедим. Вужудим нафратга тўлиб тошганди".

Охири у чиқиб кетди.

Тутқунлик давомида Жуд гаровгирлари борасида далил-исбот йиғишга уринди: уларнинг кўринишларини эслаб қолишга, ҳамда унинг дафтари ва фонарига текканларида, уларнинг ДНКсини сақлаб қолишга уринди. У ўз гаровгирлари бир кун қўлга олиниши ва жавобгарликка тортилишларига умид қилди.

Image caption Бу сурат қароқчилар ҳужумидан атиги бир неча соат аввал олинган.

Лекин, Жуд ўз гаровгирлари ўлишини истамайди. У ўч олиш илинжида яшашни ҳам истамайди. "Мен уларни бутун ўй-фикрларимни эгаллаб олишдек қудратга эга бўлишларини хоҳламайман. Улар фақат мен истаганимдагина, фикрларимга кира оладилар", - дейди у.

Бир неча ҳафта ўтиб қароқчилар Жудга радио беришган ва у Би-би-си жаҳон хизматининг хабарларини тинглай бошлаган.

"Мен қоронғи хонада ўтириб сизни тинглардим. Бу мен учун қанчалар муҳим бўлганини сиз тасаввур ҳам қила олмайсиз!"

"Сизлар Хартфордширдан Сомалиландга қайтган ва Сомалиландни оёққа турғазишга ишонган аёлни интервью қилдингиз. Шуни тингладим. Сомали ҳам шундай қайта тикланиши керак".

Жуд Сомали ва жаҳоннинг бошқа қисмларида гаровда ушлаб турилган инсонларга мурожаат этади. "Мен бу инсонларга "Умидингизни узманг, сизни унитиб қўйишгани йўқ" демоқчиман", - дейди у.

"Сиз беумид бўлаётгандирсиз, лекин қаердадир кимдир сизни озод қилиш учун курашаяпти".