АҚШда мажбурий стерилизация қурбонларига товон тўланади

Image caption Элейнни 14 ёшида стерилизация қилишган.

АҚШнинг Шимолий Каролина штати мажбурий стерилизация қилинганларга товон тўлаш учун 10 миллион долларлик маблағ ажратди.

Товон пули шу вақтгача мажбурий бичилганлигидан расмий шикоят қилганларга тўланади. Тахмин қилинишича бу штатда 1929 йилдан 1974 йилга қадар давом этган дастурга мувофиқ 7 минг 600 киши стерилизация қилинган. Улардан аксари қашшоқ қора танли аёллардир. Баъзиларининг ёши атиги 10 да бўлган.

АҚШнинг бошқа штатларида ҳам аёлларни бичиш дастурлари ўтказилган, лекин Шимолий Каролинада бу дастур анчайн узоқ вақт ва кенгроқ миқёсда ўтказилгани айтилади.

Мамлакат бўйлаб бичилганлар сони эса 60 мингга қадардир. Уларнинг аксари ўз иродаларига қарши стерилизация қилинган. Дастур қашшоқ ва ақли заифларни фарзандли бўлишларининг олдини олиш мақсадида ўтказилган.

Стерилизация дастури қурбонларидан бири Атланта шаҳридан Элайн Риддикдир. У зўрланганидан сўнг 14 ёшида фарзандли бўлган.

"Мен шифохонада кўзим ёриган вақти мени ўз иродамга қарши бичиб, иккинчи бор "зўрлашган", дейди Элайн.

Ижтимоий ҳимоя бўлими ходими Элайнни "енгил табиат", дея баҳолаган ва саводсиз онасини стерилизация қилишга рухсат берувчи ҳужжатга имзо қўйиб беришга ундаган.

"Улар бу билан менинг туғилмаган фарзандларимни ўлдиришган. Фарзандларимни қўлимга етиб келмасдан аввал йўқ қилишган", дейди Элайн.

"Биз ўтмиш хатоларини тўғирлай олмаймиз. Лекин ҳеч қурса уларга эътибор қаратамиз. Жаҳон бу ёш қиз ва болаларга нисбатан ҳукумат амалга оширган амалларда воқиф бўлсин", деди Шимолий Каролина штатидан Конгресс аъзоси Ларри Уомбле.

АҚШ ва Оврўпода стерилизация дастурлари

Ҳозирда сохта илм, Нацистлар давридан сўнг эса "ўлим келтирувчи", дея талқин қилинган стерилизация дастури бир вақтлар ижтимоий фанларнинг обрўли қисми ҳисобланганди.

"Тўғри туғиш", дея ном берилган ғоя 1883 йили инглиз олими Сэр Франсис Галтон томонидан илгари сурилган. Унинг ташаббуси билан Лондон Университетида бу соҳада изланишлар олиб бориш мақсадида махсус бўлим ҳам очилганди.

Буюк Британиянинг Иккинчи Жаҳон Урши давридаги Бош вазири Уинстон Черчилл ҳам "енгил табиат ва ақли заифларни" стерилизация қилишга даъват қилган.

Лекин Британияда стерилизация дастури ҳеч қачон расмий равишда олиб борилмаган. Бунга Католик черковининг қаттиқ қаршилиги сабаб бўлган.

Аммо Финляндия, Норвегия ва Швецияда 1930 йилларда стерилизация хақида қонунлар қабул қилинган.

АҚШдаги нацистлар қурбонлари хотирасига бағишланган музейдаги маълумотларга кўра, 1933-45 йиллар орасида Олмонияда "ирқий тозалик" дастури остида 400 минг киши стерилизация қилинган.

АҚШнинг ўзида бу дастур 1907 йилда Индиана штатида бошланган. Кейинчалик 32 штатда "фарзанд кўришга нолойиқлар"ни давлат томонидан бичилишига йўл очувчи қонунлар қабул қилинган.

Ушбу қонуларга мувофиқ аксар ҳолларда жиноятчилар, давлат қарамоғида бўлган қашшоқлар, ақли заиф ва руҳий касаллар, ҳамжинсбоз эркаклар стерилизация қилинган. Баъзи штатларда асосан қора танли ва испан америкаликлар бичилгани айтилади.

Аксар штатларда асосан маҳбуслар ва руҳий касалликлар шифохоналаридагиларни стерилизация қилишган бўлса, Шимолий Каролинада оддий аҳоли вакилларини ҳам стерилизиция қилишган. Бунинг учун давлат ижтимоий таъминот бўлими расмий ходимининг сўрови кифоя бўлган.

Охирги йилларда Шимолий Каролина ва қатор бошқа штатларда матбуотда пайда бўлган қатор мақолалар ортидан ўтмишнинг бу мудҳиш меросини қайта кўриб чиқишга бел боғладилар.

Қатор ҳолларда расмий равишда узр сўралди. Товон тўлаш амаллари кўриб чиқила бошланди.

Бу мавзуда батафсилроқ