БМТ ва АҚШ Мисрдаги қонли зўравонликни қоралади

Image caption Ўлим таҳдиди мавжудлигига қарамасдан, намойишчилар тарқалмаслигини айтмоқдалар.

Ҳокимиятдан четлатилган президент Муҳаммад Мурсий тарафдорларининг Миср пойтахти Қоҳирадаги норозилик намойиши қонли бостирилгани халқаро ҳамжамият томонидан қораланди.

БМТ хавфсизликни таъминлашга чақирган, АҚШ тўқнашувларни холис тергов этилишини талаб қилган.

Жумадан шанбага ўтар кечаси "Мусулмон биродарлар" ҳаракатининг тарафдорлари ўтирувчи норозилик акцияси ташкил қилган Рабаа ал-Адавия масжиди атрофида полиция билан намойишчилар тўқнашдилар.

"Мусулмон биродарлар" ҳаракати 100 дан ортиқ инсон ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатди.

Миср Тиббиёт вазирлиги тарқатган хабарга кўра, 78 инсон Қоҳира шаҳрида, 8 киши мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Александриядаги тартибсизликлар пайти ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатди.

Расмийларга кўра, "Мусулмон биродарлар" тарафдорлари Қоҳиранинг асосий кўчаларидан бирини Рабаа ал-Адавия масжиди олдида тўсиб олганлар.

Йўлни полиция тозалашга ҳаракат қилган, намойишчилар полициячиларга ҳужум қилганлар.

Полиция ходимларига қарата ёқилғи тўлдирилган идишлар отилган.

Полицияга қарата ўт очилгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалган.

Миср Ички ишлар вазирлиги намойишчиларга қарата ўқотар қуроллар ишга солинмади, деб чиқди.

Миср полициясига кўра, қон тўкилиши учун асосий айбдорлар Мурсий тарафдорларидир.

"Мусулмон биродарлар" ҳарбийларга қуролли ҳужум қилгани ва шундан кейин уларга жавобан ўқ отилгани ҳақида айтган Миср армияси генералларидан бири.

Якшанба куни Ички ишлар вазири Муҳаммад Иброҳим намойишчиларни тарқалишга чақирган.

Бироқ ўлим таҳдиди мавжудлигига қарамасдан, Муҳаммад Мурсий тарафдорлари унинг ўз лавозимига қайта тикланмагунча тарқалмаслигини айтмоқдалар.

Қоҳирадан Би-би-си мухбири хабар қилишича, улар қўшимча баррикадалар қуриб, ўз хавфсизлик чораларини янада кучайтирганлар.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун зўравонликдан тийилишга чақириб баёнот эълон қилган.

БМТ Бош котиби Миср ҳокимиятига мурожаат қилиб, инсонларнинг тинч намойиш ўтказишлари учун масъулият ҳокимият зиммасида эканини эслатган ва мамлакат фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш лозимлигини таъкидлаган.

"Зўравонлик сиёсий қарорга муқобил ечим бўла олмайди", деб айтган Бош котиб Пан Ги Мун.

АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг ёзма баёнотида ҳам Мисрда таранлик ортиб бораётганидан хавотир билдирилган.

Жаноб Керрри Қоҳира ва Александрия шаҳарларида рўй берган намойишчиларнинг ўлими мустақил текширилишига чақирган.

"Ҳокимият чегарадан ортга чекиниши" лозимлиги урғуланган АҚШ Давлат котиби баёнотида.

Айни пайтда Миср вице-президенти Муҳаммад ал-Барадей намойишчилар ўлимига олиб келган амалларни қоралашини айтган, ҳокимият "ортиқча куч ишга солган"ини тан олган.

Япония Ташқи ишлар вазирлиги Миср халқини бирдамликка чақирган.

"Биз барча томонларни масъулият билан иш кўришга ва зўравонликдан тийилишга чақирамиз. Миср халқи бирдамликка эришиш учун янада кўпроқ ҳаракат қилиши лозим", дейилади баёнотда.

Бу мавзуда батафсилроқ