Ироқ: шиалар нишонга олинган портлашларда 50 дан ортиқ одам ўлган

Image caption Мусулмонлар учун муқаддас саналган Рамазон ойида рўй берган ушбу зўравонликлар Ироқда суннийлар билан шиалар ўртасидаги таранглик тобора кучайиб бораётганидан далолатдир.

Ироқнинг бир неча шаҳрида содир этилган автомобил портлашлари оқибатида камида 51 инсон ҳалок бўлган.

Расмийлар 200 дан ортиқ кишининг жароҳатлангани ҳақида хабар қилганлар.

Мусулмонлар учун муқаддас саналган Рамазон ойида рўй берган ушбу зўравонликлар Ироқда суннийлар билан шиалар ўртасидаги таранглик тобора кучайиб бораётганидан далолатдир.

Бағдод полициясига кўра, пойтахтнинг бир неча жойида бомбалар ўрнатилган автомобиллар портлатилган.

Автомобиллар одамлар билан гавжум бозорлар ва автомобил қўйиш жойларида портлаган.

Энг кўп инсон Бағдоднинг шарқий шиалар истиқомат қиладиган Садр-Ситисидаги портлашларда ҳалок бўлган.

Бир киши Бағдод жанубидаги Ҳабибия туманидаги портлашлар олдидан автомобилларни қўйиш жойига бир неча автомобил кириб келаётганини кўрганини айтган.

Яна бир бомба пойтахтнинг жануб қисмидаги Маҳмудия қисмида портлаши оқибатида икки инсон ҳалок бўлган.

Пойтахтдан жануби-шарқда жойлашган Кот шаҳрида ҳам икки машина портлатилган.

Оқибатда камида етти киши ҳалок бўлган.

Ироқнинг иккинчи йирик шаҳри Басрада ҳам автомобил портлатилган.

Би-би-си Араб хизматининг Бағдоддаги мухбири Ҳаддад Солиҳ айтишича, Рамазон ойи эканига қарамасдан, июл ойи Ироқда энг кўп инсон ҳалок бўлган ой бўлиши мумкин.

Ой бошидан буён 700 дан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмган.

БМТга кўра, Ироқда энг кўп зўравонликлар юз берган 2008 йилдан кейин бу йил кўп қон тўкилмоқда.

Шу йил апрелидан буён 2500 дан ортиқ ироқлик ҳалок бўлган.