АҚШ маҳкамаси: Брэдли Маннинг хоинликда айбдор эмас

Минглаб махфий ҳужжатларни Wikileaks вебсаҳифасига узатган Брэдли Маннинг "душман билан ҳамкорлик қилиш"да айбдор эмас, дея топилди.

Лекин у жосуслик, ўғрилик ва компютер ёрдамида қаллоблик дохил бошқа 20 та айблов бўйича айбдор, дея топилди.

Ушбу айбловлар бўйича Брэдли Маннинг узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши кутилмоқда.

Wikileaks вебсаҳифаси асосчиси Жулиан Асанж Маннингни жосусликда айбдор, дея топилишини қоралаб чиқди.

Жулаин Асанжнинг айтишича, бу "миллий хавфсизликни таъминлаш йўлидаги экстремизм" билан баробардир.

"Брэдли Маннинг ҳеч нимада айбдор эмас. У ҳукуматдан ошкораликни ва ҳисоб беришни талаб қилган, Америка ҳукумати томонидан амалга оширилган жиноятларни ҳалққа ва жаҳонга намойиш қилган қаҳрамондир", деди WikiLeaks асосчиси.

Брэдли Маннинг АҚШ тарихида махфий ҳужжатларни энг кўп миқдорда ошкор қилган шахс, дея кўрилмоқда. Қораловчи томоннинг фикрича, ҳозирги коммуникациялар асрида ошкор этилган ҳар қандай махфий ҳужжат тез орада Интернетда пайдо бўлиб, "душман кучлари" қўлига тушиши эҳтимоли жуда каттадир.

Ошкор этилган ҳужжатларда Ўзбекистон ҳақида нималар бор эди?

Брэдли Маннинг Ироқда хизмат қилган вақти Wikileaks га оширган ҳужжатлари орасида АҚШ ҳарбийларига тегишли тикучардан Бағдоддаги бир гуруҳга қарата ўқ очилгани ва ўша ҳужум оқибатида ўнлаб ҳалок этилганлар ораисда Reuters агентлиги муҳбири бўлгани туширилган видеотасвирлар ҳам бор.

У шунингдек жаҳон бўйлаб АҚШ дипломатик вакилларининг Вашингтонгга минглаб махфий мактубларини ошкор этган.

Улар орасида АҚШнинг Ўзбекистолндаги элчихонаси ходимларининг ёзишмалари ҳам бор.

Wikileaksда эълон қилган бу каби махфий дипломатик ёзишмалар биридан аён бўлишича, "Ўзбекистон коррупция қучоғига ботиб кетган, уюшган жиноятчилик, пахта далаларидан мажбурий меҳнат қўлланилувчи ва қийноқлар амалда бўлган ўта хавотирга лойиқ давлатдир".

Шунингдек, веб саҳифа томонидан ошкор қилинган аксарият махфий ҳужжатларда президент Ислом Каримовнинг "жозибали, аммо шахси ўта зиддиятли" бўлган қизи Гулнора Каримованинг хулқ-атвори ҳақида сўз боради.

Ҳужжатларда, "Гулнора Каримова Ўзбекистонда аксарият энг кўп нафратланадиган шахс," дея тасвирланади.

Шунингдек, Гулнора Каримова Ўзбекистондаги ҳар қандай даромадли бизнесдан дўқ-пўписа йўли билан ўз улушига эга бўлгани айтилади ва президентнинг кизи "ўғри барон" сифатида тасвирланади.

25 ёшли Брэдли Маннинг 2010 йил июл ойида дастлаб махфий ҳужжатларни ўғирлаш айблови асосида ҳибсга олинганди.

Бу мавзуда батафсилроқ