'Зимбабведаги президентлик сайлови 'улкан сохтакорлик'

Image caption Президент Мугабенинг Zanu-PF партияси овозларни сохталиштирилгани даъво қилинмоқда.

Зимбабве Бош вазири Морган Чангирай мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайловини "улкан сохтакорлик" деб атади.

Zanu-PF партиясига кўра, бу сайловда ҳам Зимбабвени 33 йилдан буён бошқариб келаётган Роберт Мугабе кўп овоз тўплаган.

Бу 89 ёшли жаноб Мугабенинг ўз номзодини 7-марта президентликка илгари суриши.

У сайлов олдидан агар шу марта ўзи ва партияси - Zanu-PF ютқазадиган бўлса, ҳокимиятдан воз кечиши ҳақида эълон қилган эди.

Зимбабве пойтахти Ҳарареда "Демократик ўзгаришлар учун ҳаракат" партияси қароргоҳида гапирган Морган Чангирайга кўра, Zanu-PF партияси роса кўп овозларни сохталаштирган.

Мамлакатда Зимбабве Сайловни дастаклаш тармоғи деб номланган маҳаллий кузатувчилар тармоғи ZESN ташкил этилган.

ZESN Зимбабве сайловларини энг кўп нуқталарда кузатишга муваффақ бўлган энг йирик гуруҳ.

Ушбу тармоққа кўра, 1 миллионча зимбабвеликнинг сайловда қатнашишига йўл қўйилмаган ва овоз бериш натижаларига "жиддий шикаст етган".

Зимбабведа овоз бериш ҳуқуқига эга 6 мииллион 400 минг сайловчи рўйхатга олинган.

"Демократик ўзгаришлар учун ҳаракат"ига кўра, кўп жойларда маҳаллий қавмлар раҳбарлари ўз қўли остидаги одамларни мажбуран сайлов участкасига етаклаб олиб бориб, Zanu-PF учун овоз беришга мажбур қилганлар.

Шунингдек, ўқиш-ёзишни билмайдиган саводсиз одамларнинг ҳам овозлари Zanu-PF учун ташлангани айтилган.

Бироқ Zanu-PF партияси сохта овоз беришлар ва одамларнинг сайловда қатнашишига тўсқинлик қилингани айбловларини рад этади, жаноб Мугабе партиясига кўра, овоз бериш ҳамма жойда "силлиқ кечган".

Африка Иттифоқи кузатувчилари миссияси раҳбари, собиқ Нигерия президенти Олусегун Обасанжонинг айтишича, овоз бериш ҳақидаги илк баҳо унинг эркин ва адолатли бўлганидир.

Бошқа минтақавий кузатувчилар президентлик сайлови зўравонликларсиз ўтганини юқори баҳолаганлар.

Зимбабведа норасмий сайлов натижаларини эълон қилиш тақиқланади.

Полиция овоз бериш натижаларига оид маълумотни яширинча сизиб чиқариш уринишига қарши жиддий чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирган.

Қонунчиликка кўра, Зимбабве Сайлов Комиссияси овоз бериш натижаларини беш кунда эълон қилиши лозим.

Сайлов комиссиясига кўра, бутун мамлакат бўйлаб сайлов участкаларидаги бюллетенлар санаб чиқилган ва уларнинг ҳақиқийлиги текширилмоқда.

2008 йилдаги президентлик сайловининг биринчи босқичи ҳам тинч ўтгани учун мақталган эди.

Бироқ Морган Чангирай Роберт Мугабега нисбатан кўп овоз тўплагани маълум бўлган натижалар эълон қилинганидан сўнг икки сиёсатчи тарафдорлари ўртасида зўравонликлар бошланиб кетган эди.

Кўплаб инсонлар ўлимига олиб келган ҳодисалардан сўнг 2009 йилда Президент Мугабе раҳбарлигидаги Zanu-PF ва Морган Чангирайнинг "Демократик ўзгаришлар учун ҳаракат" коалицион ҳукумат ташкил этиш келишувига эришган, шундан кейин жаноб Чангирай бош вазирликка рози бўлган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ