Мисрда полиция намойишчилар тарқалишига икки кун муҳлат берди

Image caption Мухбирларга кўра, намойишчилар орасида Мурсий учун ҳаётини беришга тайёр кайфият ҳукмрон.

Миср муваққат ҳукумати армияга 48 соат ичида Муҳаммад Мурсий тарафдорлари намойиш ўтказаётган жамлоғларни ўраб олиб, тугатишга буйруқ берган.

Қудратдан туширилган президент Мурсий тарафдорлари кейинги пайтларда "ўтирган намойиш" шаклида норозиликларини изҳор этиб келишмоқда.

Рабаа ал-Адавия масжиди ва Наҳда майдонида йиғилган намойишчилардан ташқари, Қоҳирадаги яна икки масжид олдида шундай жамлоғлар пайдо бўлган.

Чоршанба куни ҳукумат намойишни тугатишни талаб қилган, бироқ "Тўнтаришга қарши алянс" иштирокчилари норозиликлар давом этишини билдирган эдилар.

Би-би-си мухбири Джим Мюирга кўра, намойишчилар орасида Мурсий учун ҳаётини беришга тайёр кайфият ҳукмрон.

Айни пайтда Халқаро Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳукуматни намойишчиларга нисбатан куч ишлатмасликка чақирди.

"Қон тўкилишини олдини олиш учун Миср ҳукумати одамларнинг ҳуқуқини таъминлаши ва муаммони ечишнинг бошқа йўлини топиши лозим", деб айтган инсон ҳақлари фаоллари.

Шунга қарамай, полиция Қоҳира бўйлаб юришни бошлаган намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган.

Намойишчилар 3 июлда ҳарбийлар томонидан ағдарилган Муҳаммад Мурсийни ҳокимиятга қайтаришни талаб қилишдан тўхташмаяпти.

Айни пайтда Покистонда сафарда бўлган АҚШ Давлат котиби Жон Керри Мурсийни ҳокимиятдан четлатган Миср армияси миллионлаб мисрликларнинг истагини бажаргани, демократияни ўрнатганини айтди.

"Мусулмон Биродарлар" вакиллари АҚШ шу тариқа Мисрда ҳарбий тўнтариш содир бўлганини тан олмаганини танқид қилиб, "бу борадаги мавқеини қайтадан ўйлаб кўриб, мулоҳаза юритиш"га чақирган.

Мисрда 3 июлдан буён давом этаётган намойишларда 100 дан ортиқ Мурсий тарафдорлари ҳалок бўлди, минглаб кишилаб яраланди.

Бу мавзуда батафсилроқ