Эронда янги президент Ҳасан Руҳоний қасамёдга келтирилди

Image caption Кўп нарса Ҳасан Руҳонийнинг Эрон олий раҳбари оятулло Али Хоманаий билан бўлажак муносабатларига боғлиқ бўлади.

Якшанба куни Эроннинг янги сайланган президенти Ҳасан Руҳонийнинг парламент олдида қасамёдга келтириш маросими бўлиб ўтган.

У ерда жаноб Руҳоний ўз вазирларининг рўйхатини ҳам эълон қилган.

Эрон матбуоти хабар қилишича, жаноб Руҳоний аллақачон президент маъмурияти раҳбарини тайинлаган - у АҚШда таҳсил олган иқтисодчи, Муҳаммад Наҳавандиёндир.

Мухбирларга кўра, ушбу тайинлов жаноб Руҳоний ўзи учун устувор вазифа деб Эроннинг яккаланиб қолган иқтисодини ислоҳ қилишни кўраётганидан далолатдир.

Айнан шундай ваъдалар билан у сайловчилар дастагидан бахраманд бўлганди. Хўш у ўз ваъдаси устидан чика оладими?

Ҳасан Руҳонийдан кутилган илк дадил қадам - эронлик сиёсий тутқунларни озод этишдир.

Бу ҳақда сайловолди учрашувлари ва Ҳасан Руҳоний ғалабасини қутлаш пайтида кўтарилган шиорлар далолат беради.

Guardian газетаси ҳисоб-китобига кўра, Эронда бугун 800 га яқин сиёсий ва эътиқод маҳкумлари бор.

Улар орасида энг машҳурлари икки йилдан буён уй қамоғида ушлаб турилган охирги президентлик сайловидаги номзодлар Маҳди Каррубий, Мир Ҳусейн Мусавий ва унинг хотини Заҳро Ронавардлардир.

Сиёсий маҳкумлар орасида журналистлар, ҳуқуқшунослар, блоггерлар, ҳуқуқбонлар, сунний ва насроний руҳонийлари бор.

Уларнинг бўлғуси тақдири Руҳонийнинг амалда қанчалар қудрат соҳиби эканини кўрсатади.

Сиёсий ва диний маҳкумларнинг озод этилиши, таҳлилчилар фикрича, Эрондаги танг ижтимоий вазиятни сезиларли даражада юмшатган бўларди.

Кўп нарса Ҳасан Руҳонийнинг Эрон олий раҳбари оятулло Али Хоманаий билан бўлажак муносабатларига боғлиқ бўлади.

Эрон конституциясига кўра, энг муҳим ва стратегик масалаларда энг охирги сўзни Оятулло Хоманаий айтади.

Ҳасан Руҳонийни ҳам либерал сиёсатчи деб бўлмайди. У ҳам мавжуд тизим ичидан кўп йиллар давомида етишиб чиққан раҳбар ҳисобланади.

Мавжуд режимни сақлаб қолиш, иқтисодий ва ташқи муаммоларни ҳал этишда Руҳоний ўта анъанадор сиёсатчилар кўмагига муҳтож бўлади, дейишади таҳлилчилар.

Жаноб Руҳоний ўнгида турган иккинчи йирик муаммо - мамлакат иқтисодидир.

Эрон иқтисодиёти ўсмаяпти. Расмий рақамларга кўра, инфляция даражаси йилига 36%, амалда эса бундан ҳам баландроқни ташкил этади.

Озиқ овқат нархлари ўтган йил давомида 55% ортган. Ишсизлик мамлакат бўйлаб тахминан 12% ни ташкил этади ва бу рақам ҳамон ўсишда давом этаётир.

Бундай абгор вазиятнинг юзага келишига халқаро жазо чоралари экани айтилади.

Халқаро жазо санкциялар туфайли Эрондан четга нефт сотиш 65% га тушиб кетди.

Эрон валютасининг конвертация қилинмаслиги сабаб пул бирлиги "реал" қурби 12 ой ичида 80 фоизга қисқарди.

Бундай ҳолатдан чиқишнинг ягона йўли, иқтисодчиларга кўра, халқаро санкцияларнинг олиб ташланишига эришишдир.

Эроннинг янги президенти мамлакатни халқаро яккаланишдан олиб чиқиш ва дунё билан алоқаларини яхшилаш ваъдалари билан сайловчилар дастагини олди.

Бу мавзуда батафсилроқ