Элчихоналар ёпилиши 'Ал-Қоида'нинг қамоқхоналарга ҳужумларига боғлиқми?

"Ал-Қоида" ҳужум қилиши мумкин деган хавотир туфайли АҚШ аксар мусулмон мамлакатларидаги 21 элчилик ва консулликларини ёпган. Шунингдек, қатор Оврўпо мамлакатлари Ямандаги ўз элчихоналарини ёпган.

Дипломатик идораларнинг ёпилиши Интерпол ташкилоти дунё бўйлаб хавфсизлик огоҳлантиришини эълон қилган пайтга тўғри келган.

Интерпол "Ал-Қоида" тармоғига алоқадор юзлаб жангариларнинг бир неча мамлакатдаги қамоқхоналарга уюштирилган ҳужумлар оқибатида озод қилиб юборилгани ҳамда 3 август куни Афғонистоннинг Жалолобод шаҳрида Ҳиндистоннинг консуллигига худкушлик ҳужуми содир этилгани муносабати билан огоҳлантириш эълон қилган.

Бир кун олдин Жалолободдаги худкушлик ҳужуми оқибатида тўққиз инсон, улардан саккиз нафари болалар ҳалок бўлган эди.

Икки кун олдин эса АҚШ ўз фуқароларини "террорчилик ҳужумлари" эҳтимоли боис дунё бўйлаб сафарларга чиқишдан тийилишга чақирган эди.

Америка расмийларига кўра, ўзларида "Ал-Қоида" ва унинг иттифоқчилари шу ойда Ғарб мамлакатлари манфаатларига ҳужумларни кўпайтириши ҳақида маълумот бор.

Вашингтонда Американинг хавфсизлик, давлат департаменти, мудофаа вазирлиги ва жосуслик хизматларининг энг юқори мансабдаги мулозимлари эҳтимолий таҳдидлар масаласини муҳокама қилиб мажлис ўтказганлар.

Бу мажлисни Президент Обаманинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Сюзан Райс бошқарган. Британия, Франция, Олмония ва Ҳолландия ўзларининг Ямандаги элчиликларини якшанба ва душанба кунлари хавфсизлик сабабидан ёпишларини эълон қилганлар.

Яман расмийлари бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик чораларини кучайтирганларини айтганлар.

Айниқса, пойтахт Санодаги АҚШ ва Британия элчихоналари атрофида ҳарбийлар кўпайтирилган, қўшимча бир неча текшириш нуқталари ташкил этилган.

Британия расмийларига кўра, Ямандаги элчихонадаги бир неча ходим Лондонга чақириб олинган.

Бунинг сабаби "Рамазоннинг охирги кунлари ва Ҳайит кунлари" билан боғлиқ хавотирлар мавжуд.

Франция ва Олмония расмийлари ўзларининг элчиликларини ёпишга Ямандаги беқарорлик вазиятини сабаб қилиб кўрсатганлар.

Интерполга кўра, охирги ойда дунёнинг тўққиз мамлакати, хусусан, Ироқ, Ливия ва Покистондаги қамоқхоналарга ҳужумларда "Ал-Қоида" жангарилари иштирок этганлар.

Бунинг оқибатида "юзлаб террорчилар ва бошқа жиноятчилар озодликка чиққанлар", дея огоҳлантирган халқаро полиция идораси.

Бу мавзуда батафсилроқ