Ишга қайтгандан кейин мактубга жавоб ёзиш азоби

Бу ҳолат сизга танишми?

Иш ёки фаолияти электрон мактуб билан боғлиқ инсонлар ёзги таътилдан қайтганидан кейин йиғилиб қолган эмейлларга жавоб ёзиш олган ҳордиғини "бурнидан чиқариб юборадиган" жараён эканини яхши билишади.

Бу бошоғриқдан қутулиш йўлини олмониялик Йона Бриденбах ўйлаб топибди.

Бу электрон почтасиз ой жорий қилиш.

Одатда сиз ёзги таътилга йўл оларкансиз, "мен фалон кундан фалон кунгача идорада бўлмайман. Сизнинг мактубингизга ишга қайтганимдан кейин жавоб қайтараман" мазмунидаги автомат жавоб ёзадиган қурилмани ишга солиб кетасиз.

Аммо ишга қайтгандан кейин ўнлаб, балки юзлаб электрон мактуб йиғилиб қоладики, қулайликни кўзлаб автомат жавоб берувчини электрон почтасида мослаб кетган киши баъзан афсусланиб ҳам кетади.

Чунки айримининг муддати ўтиб кетган бу эмейллар орасидан қай бири муҳиму, қайси бирини ўчириш учун ҳам камида бир иш кунини сарфлаш лозим бўлади.

Олмониядаги "Беттеплейс" деб номланган хайрия ташкилоти ходимаси Йона Бриденбах эса ўзига мактуб ёзганларни бошқача огоҳлантиради: "Ёзган хатингиз учун катта раҳмат. Афсуски, мен сизнинг хатингизни ўқий олмайман. Боиси, мен ҳозир йиллик почта ҳордиғидаман. 1 августдан 29 августгача менга келган ҳамма хат автоматик ўчириб юборилади. Сентябрда кўришгунча омон бўлинг! Ҳурмат билан Йона".

Би-би-си мухбири Стивен Эванс билан учрашганида Йонанинг айтишича, 2011 йилдан буён ҳар йили август ойини электрон почтасиз ўтказади ва бу нарса уни анча бўшаштирган.

Йона Бриденбахга ҳар куни 100 тача электрон мактуб келади.

Ва "таътилдан қайтганимдан кейин йиғилиб қолган бу ҳамма эмейлларга жавоб беришим керак, деган фикр ҳар доим мени эзарди", дейди Йона.

Йонанинг сўзларига кўра, электрон почтадан бир ой воз кечиш асабни асрашнинг бир йўли.

"Аслида мен ҳар хил технология янгиликларини яхши кўрадиган одамман. Бироқ энди мен ўзимни электрон мактублар тоғининг остида қолгандай ҳис қилмайман. Мен у хатларни олмайман, бор-йўқлигини ҳам билмайман", дейди у.

Таътилга чиққунча Йона ўзининг ҳамкасбларини агар жуда зарур бўлиб қолса у билан қандай боғланиш мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб кетади.

У фақат SMS-хабарларни, Twitter ва веб-сайтларни кўриб боришини айтиб кетади.

Йонанинг айтишича, бир ойлик электрон почтасиз ҳаёт унга ўз фикр-хаёлларини бошқа нарсаларга йўналтиришга имкон беради.

"Бу нарса менга бошқа нарсалар ҳақида фикр юритишга ёрдам беради. Айнан ўша бўш пайтларимда миямга жуда зўр ғоялар келади", дейди Йона.

Сиз ҳам кейинги гал электрон почтангиздаги "Мактубингизга идорага қайтганимдан кейин жавоб бераман", деган автомат жавоб қайтарувчини ишга солишдан олдин Йонанинг янги усули ҳақида ўйлаб кўрарсиз?