Давлат департаменти Яманда террор таҳдиди юқори эканини айтган

Қўшма Штатлар ўзининг Ямандаги элчихонаси ходимларига Яманни зудлик билан тарк этишга буйруқ берган ва Америка фуқароларини ҳам огоҳлантирган.

Огоҳлантириш АҚШнинг дрон учоқлари Яманда тўрт нафар Ал-Қоида жангарилари деб гумон қилинган шахсларни ўлдириши ортидан янграган.

Ўтган дам олиш кунлари Қўшма Штатлар Яқин Шарқ ва Африкадаги йигирмага яқин дипломатик ваколатхоналарини ёпган.

Хўш, таҳдид ҳақида ҳозир нима маълум?

Шу вақтгача америка расмийлари хориждаги элчихоналарни ёпишга ундаган хавф борасида деярли ҳеч қандай маълумотларни бермагандилар, лекин АҚШ матбуотининг хабар беришича Ал- Қоиданинг раҳбар аъзолари ораисдаги сўзлашувларга қулоқ тутиш натижаисда бу қарорга келинган.

New York Times рўзномасининг ёзишича бу сўзлашув Ал Қоида раҳбари Айман ал-Завоҳарий билан бўлган ва 2001 йилги 11 сентябр ҳужумларидан бери энг жиддий ҳужум режалари бўлган.

Times журналига кўра, ал Заваҳири билан сўзлашувда бўлган шахс Ямандаги Ал Қоида бош вакили Носир ал-Вуҳайшидир.

Матбуотда айтилишича, ушбу сўзлашувларда айнан қайси ерлар нишонга олиниши айтилмаган, лекин ҳужум муқаррар бўлганлигини англаш мумкин.

Ғарб ҳукуматлари Ал- Қоиданинг Ямадаги бўлинмаси уюштирмоқчи бўлган ҳужумларга не қадар ишонч билан қарамоқдалар?

Улар Ал- Қоиданинг бутун Арабистон ярим оролидаги бўлинмалари томонидан хавфни жуда жиддий кўрадилар, чунки улар шу вақтгача бомба ҳужумларини уюштириш йўлларида ўта топқир бўлиб келганлар.

Ушбу бўлинма таркибида саудиялик бомба ясовчи Иброҳим ал Асири бор. У ўз укаси танасига, балкида танаси ичига бомба яшириб шаҳзодалардан бирини портлатиб юбориш учун жўнатган.

2009 йили эса Нигериялик Умар Фаруқ Абдумуталибнинг ички кийимига яширилган бомбани Детройтга йўл олган учоқда портлатиш уруниши ҳам Яманда режалаштирилганди.

Охирги йиллар мобайнида Ал- Қоиданинг арабистон яриморолидаги раҳбарлари мустассил равишда американинг учувчисиз учоқларидан нишонга олиндилар. Лекин улар минтақанинг овлоқ ва расмийлар қўли етмайдиган ерларида яширинишга муваффақ бўлиб, ҳужумларни режалаштиришда давом этдилар.

Айтиб ўтганимиздек, америка расмийлари ва ҳуқуқ тартибот органлари "маромига етиб қолган улкан ҳужум" ҳақида огоҳлантиришдан у ёғига ўтмаганлар. Тафсилотлар берилмаган.

Душанба куни, CNN канали билан интервьюда Вакиллар палатаси жосуслик қўмитаси аъзоси Датч Рапперсберг бу огоҳлар Америка фуқароларини қўрқитиш мақсадига эга эмаслиги, лекин ҳар жойда кутилиши мумкинлигини айтди.

Америкаликлар ҳаётларини ҳар доимгидек давом эттираверишсин, фақатгина огоҳ бўлишсин, деди у.

Оқ уй маъмуриятига кўра, уларнинг қўлида бўлган маълумотларга биносан, ҳужумларни август ойининг охирги кунигача кутиш мумкин.

Айни вақтда Яман расмийлари пойтахт Сана ва мамлакат бўйлаб бошқа ерларда ҳукумат ва хорижий нишонларга ҳужум уюштиришни режалаган Ал- Қоиданинг 25 аъзоси исмини ошкор этганлар.

Хуллас, ҳужумлар ҳақидаги огоҳлар ўта қатъийлигича қолмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ