Дунёнинг аксар мусулмон давлатларида Ҳайит намозлари ўқилди

Минтақада Ийд ал-Фитр Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистонда байрам қилинмоқда.

Ўзбекистонда Ҳайит байрами Президент қарорига биноан эртага нишонланади.

Шунингдек, Эрон, Покистон, Ҳиндистонда ҳам Рамазон Ҳайити 9 август, жума куни бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Араб ва мусулмон давлатлари раҳбарларига табрик йўллаган.

Қозоғистон Президенти халқини мусулмонлар байрами билан қутлаган.

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев ўз ҳамқишлоқлари билан Ҳайит намозини ўқигани айтилди.

Тожикистон Ислом партияси раҳбари Муҳаммад Кабирий тожик мусулмонларига бирдамлик ва сабр-тоқат тилаб, бу хислатлар жамиятни тўқнашувлардан сақлашини айтди.

Туркманистонда ҳам 8 август дам олиш куни деб эълон қилинган.

Байрам арафасида Президент Гурбангули Бердимуҳаммедов 1166 маҳбусни авф этиш ҳақидаги фармонга имзо чеккан эди.

100 мингдан ортиқ намозхон

Полицияга кўра, Москванинг ўзида Рамазон байрамини нишонлашга 170 мингдан ортиқ киши чиққан. 700 дан ортиқ полиция ходимлари тартибни сақлашга жалб қилинган.

Намоз ўқишга рухсат берилган тўрт жойда мусулмонлар эрта саҳар 3.30дан келиб жой эгаллаганлар.

Санкт-Петербург шаҳрида 100 мингга яқин киши йиғилган. Масжидларда жой етмаган аксарият одамлар ибодатларини йўлкаларда адо этишларига тўғри келган.

Жомеъ масжидида ҳозир бўлган Россия муфтийлар кенгаши раиси Равил Гайниддин мусулмонларга "ҳақиқий жиҳод-руҳий покланиш эканлиги ва бунга муқаддас Рамазон ойида интилиш кераклиги"ни эслатган. Россия Президентининг мусулмонларга табриги етказилган. Жомеъ масжидида Ироқ, Туркия, Қувайт ва Марказий Осий давлатлари элчилари ҳам ҳайит намозини ўқишган.

Олдинроқ, Москва масжидларига келувчилар фақат паспорт ва миграция қонунлари асосида текшириб ўтказилиши огоҳлантирилган.

Москвадаги масжидлар атрофи ҳар галгидай намозхонлар билан тўлган, транспорт ҳаракати чеклангани хабар қилинади.

Ҳайит куни қурбонлар

Муборак Рамазон ойи тугаши муносабати билан байрам маросимида чиқиш қилган Президент Карзай Толибонни Афғонистон манфаатлари йўлида ҳаракат қилишга, тинчлик жараёнига қўшилишга чақирди.

Афғонистондан олинган сўнгги хабарларга қараганда, мамлакат шарқидаги Нангарҳор вилоятида бомба портлаши натижасида 14 аёл ва болалар ҳалок бўлган.

Портлаш Карзай сиёсатини қувватловчи маҳаллий оқсоқолнинг хотини қабри олдида содир этилган. Одамлар марҳум хотирасини ёдлашга борганлар.

Байрам муносабати билан Яқин Шарқ мамлакатларида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Мисрда намойишлар давом этаётган бўлсада, ҳайит намози тўқнашувларсиз ўтган.

Айни пайтда Сурия Президенти Башар ал-Ассад автомобил карвони масжидга бориш пайти ўққа тутилгани айтилади.

Бироқ расмий Дамашқ бу хабарни рад этган.

Сурия муфтийси байрам намозида Президент Башар-ал Ассад ҳаққига ҳам дуо қилган.

Саудия Арабистонида Ийд-ал-Фитр шарафига бир ҳафталик байрам таътили бошланади.