Сурия ҳукумати Башар ал-Ассад карвони ўққа тутилганини рад қилди

Image caption Сурия расмийлари исёнчиларнинг ҳужум ҳақидаги мурожаати "уйдирма ва хаёлпарастлик"эканини айтган.

Сурия телевидениеси мамлакат президенти Башар ал-Ассаднинг масжидда намоз ўқиётганини намойиш қилган.

Бундан олдин Сурия исёнчилари Дамашқда президент автомобил карвони ўққа тутилганини хабар берган эди.

"Тахрир ал-Шам" гуруҳи" ўз жангчилари томонидан ҳужум уюштирилгани ва Аллоҳдан кўзланган натижани кутаётгани"ни билдирган.

Бошқа исёнчиларга кўра, "Президент қароргоҳи жойлашган Малкий туманида артиллерия ҳужуми бўлган, президент атрофидаги кишилар жароҳат олгани ҳақида хабарлар бор".

Сурия Ахборот вазири Умрон Зуабий Башар ал-Ассад билан бирга масжидда намоз ўқигани, исёнчиларнинг мурожаати эса "уйдирма ва хаёлпарастлик"эканини айтган.

"Ал-Арабия" телеканалининг олдинроқ берган хабарига кўра, Башар ал-Ассад автокарвони борадиган йўл қаттиқ қўриқланганига қарамасдан, жангарилар ҳужум қилишга муваффақ бўлишган.

Исёнчилар раҳбарларидан Фирас Битарнинг ал-Арабияга айтишича, президент карвонига 15 марта миномётдан ўқ узилган.

Воҳид Сагар исмли бошқа исёнчи гуруҳ аъзосининг билдиришича, Башар ал-Ассад бошқа автокарвон орқали ўтиб кетган бўлиши эҳтимол.

Мухбирларга кўра, Сурия давлат телевидениесида кўрсатилган лавҳалар олдиндан ёзилган бўлиши мумкин, лекин бу аниқ эмас.

Чоршанба куни ҳукумат кучлари Дамашқ чеккасида 60дан ортиқ исёнчиларни ўлдиргани хабар берилган.

Уларнинг Ал-Қоидага алоқадор "Ал-Нусра Фронти"жангарилари бўлгани айтилган эди.

Шунингдек, президент Ассад аввалроқ Сурия халқига мамлакатни инқироздан олиб чиқиш режасини баён қилган.

Унга кўра, инқироздан олиб чиқишнинг босқичма-босқич йўллари мавжуд.

Хориж давлатларининг жангариларни молиявий таъминлашига чек қўйиш, миллий келишув бўйича музокаралар бошлаш, янги ҳукумат тузиш ва янги конституция лойиҳасини ишлаб чиқиб, умумхалқ муҳокамасига қўйиш Ассад илгари сурган режаларга киради.

Бу мавзуда батафсилроқ