Шри-Ланкада буддойи оломон масжидга ҳужум қилган

Image caption Хабарларга кўра, охирги ойларда буддойи руҳонийлар Грандпасс шаҳарчасидаги масжидни кўчиришни талаб қилиб келганлар.

Шри-Ланка пойтахти Коломбо атрофидаги Грандпасс шаҳрида шанба кечки намоз пайти буддойиларнинг оломони масжидга ҳужум қилган.

Оқибатда камида беш киши жароҳатланган.

Ҳудудга полиция ва махсус кучлар ташланган ва комендантлик соати эълон қилинган.

Би-би-сининг Коломбодаги мухбири Аъзам Аминнинг хабар қилишича, масжид атрофида истиқомат қиладиган инсонлар Хуфтон намози адо этилаётган пайтда оломон масжидга қарата тош ота бошлаганларининг гувоҳи бўлганлар.

Масжид атрофидаги бир неча хонадонга ҳам шикаст етказилган.

Яраланганлардан икки нафари масжидни қўриқлаш учун махсус қўйилган полиция ходимлари бўлганлар.

Полиция сўзчисининг Би-би-сига айтишича, масжидга ҳужумдан кўп ўтмай, у ерга полиция ва махсус қўшинлар юборилган ва вазият назорат остига олинган.

Хабарларга кўра, охирги ойларда буддойи руҳонийлар Грандпасс шаҳарчасидаги масжидни кўчиришни талаб қилиб келганлар.

Буддойиларнинг гўёки Рамазон ойи охиригача мусулмонларга бу масжидда ибодат қилишларига ижозат берганлари айтилган.

Ҳудудда яшайдиган мусулмонлар Шри-Ланка диний ишлар бўйича вазирлигига мурожаат қилганлари, вазирлик масжиддан бундан кейин ҳам фойдаланаверишга ижозат берганини ҳамда қўриқлаш учун полицияни жалб этганини маълум қилганлар.

Охирги бир йил давомида Шри-Ланкада буддойи гуруҳларнинг мамлакатдаги мусулмон ва насронийларга қарши чиқишлари кўпайгани кузатилмоқда.

Буддойилар мусулмон ва насронийларни экстремизм ва маҳаллий буддавий аҳолини ўз динларига жалб қилаётганликда айблашмоқда.

Мусулмонлар ҳам насронийлар ҳам прозелитизм айбловларини рад этадилар.

Буддойи гуруҳлар масжидлар ва черковлар, мусулмонларга тегишли бизнесларга ҳужумлар уюштирганлар.

Феврал ойида бир гуруҳ Шри-Ланкадаги озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларга ҳалол сертификатини бериш тартибини бекор қилиш чақириғи билан чиққанди.

Буддойи Синхала жамоаси Шри-Ланканинг 20 миллионлик аҳолисининг учдан бир қисмини ташкил этади.

Бу мамлакатда мусулмонлар 9 фоизни ташкил этади ва улар Тамил тилида сўзлашадилар.

Шри-Ланкадаги фуқаролар уруши даврида мусулмонлар эътиборда бўлмаганлар.

Бироқ мусулмонлар ҳозир этник кўпчиликни ташкил этадиган буддойиларнинг ўзларини нишонга олишларидан хавотирланиб яшаётганларини айтадилар.

Бу мавзуда батафсилроқ