Рим Папаси Рамазон муносабати билан мусулмонларга юзланди

Image caption Рим Папаси динлар орасидаги ҳурматга чақирди

Рим Папаси Франсис насроний ва мусулмонларни биргаликда ўзаро ҳурматни тарғиб қилишга ва ёш эътиқодли авлодни тарбиялашга чақирган.

У якшанба куни Римдаги Авлиё Пётр ҳиёбонига йиғилган зиёратчилар номига дуо қилар экан, мусулмонларга мурожаат этди.

У "бизнинг биродарларимиз" мусулмонлар рўза тутиш, ибодат ва ҳайрияга бағишланган муқаддас Рамазон ойини якунлаганларини айтди.

Папа ҳиёбонга очилган ўз студияси деразасида туриб гапирди.

Би-би-сининг Римдаги мухбири Девид Уиллейга кўра, папа ёзнинг жазирама иссиқ кунида майдонга йиғилган ўн минглаб зиёратчилар қаршисига чиққан.

Мухбиримизнинг айтишича, аввалги папалар ёзнинг иссиқ кунларини Италия пойтахти ташқарисидаги Кастел Гандолфо вилласида ўтказардилар, чунки у ерда ҳаво салқинроқ. Бироқ, Рим Папаси Франсис ёз таътил кунларида ҳам Ватиканда қолиб ишини давом эттиришга қарор қилган.

Франсис ўз папалиги учун қашшоқлар борасида қайғуришни асосий вазифа қилиб олган.

Мухбиримизга кўра, у Ватикан молияси ва руҳонийларнинг болаларни жинсий таҳқирлаши можаролари туфайли Ватикан бюрократиясини тубдан ислоҳ қилишга бел боғлаган.