Нигериядаги масжидда 44 инсон ўлдирилган

Image caption Ҳужум ҳақидаги хабар "Боко Ҳарам" гуруҳи раҳбари Абубакр Шикавий ўзининг видеомурожаатини эълон қилган пайтга тўғри келган.

Нигериянинг Борно штати масъуллари хабар қилишларича, Кондуга шаҳридаги масжидда Бомдод намозини адо этаётган 44 мусулмон отиб ўлдирилган.

Яна бошқа бир қишлоқда 12 тинч фуқаро ўлдирилган.

Ҳужумни 2009 йилдан буён Нигерияда минглаб инсонларни ўлдирган "Боко Ҳарам" исломий гуруҳининг жангарилари содир этган деб кўрилмоқда.

Кондуга шаҳарчаси Борно штати маркази Майдугуридан 35 километр узоқликда жойлашган.

Расмийларга кўра, ҳужум якшанба куни тонгда рўй берган, бироқ бу ҳақдаги хабар кўпчиликка душанба куни маълум бўлган.

Ҳужумчилар ҳарбий униформа кийган бўлганлар.

Бироқ бу ҳарбий кийим-бош жангари гуруҳнинг армия барагига яқинда уюштирган ҳужуми пайтида қўлга киритилган бўлиши мумкин.

Номи "Ғарб таълими ҳаром" деб таржима қилинадиган "Боко Ҳарам" гуруҳи одатда Нигериядаги черковлар ва насронийларга ҳужум қилади, бироқ баъзан ўзларининг дунёқарашига зид мавқеда бўлган мусулмонларга ҳам ҳужум ташкил қилган вақтлари бўлган.

Маҳаллий матбуотга кўра, якшанба кунги ҳужумдан кейин штат маркази Майдугуридаги шифохонага 26 киши жароҳат билан ётқизилган.

Шу йил май ойида Нигерия Президенти Жонатан Гудлак исломий жангариларига қарши кенг миқёсли амалиётлар ўтказиладиган уч штат - Борно, Адамава ва Йобеда фавқулодда вазият эълон қилган эди.

Шу муносабат билан мобил алоқа узиб қўйилган.

Бундан эса маҳаллий аҳоли шикоят қилмоқда, улар ўзларига кўмак зарур бўлиб қолганида мобил алоқа йўқлигидан керакли жойга қўнғироқ қила олмаётганларидан шикоят қилмоқдалар.

Фавқулодда ҳолат жорий этилганидан кейин жойларда маҳаллий аҳоли махсус огоҳлик гуруҳларини ташкил этганлар.

Ана шундай гуруҳлардан бирининг вакили мухбирларга айтишича, Кондугадаги масжидга ҳужум бўлгани ҳақида ўзларига хабар келиб тушганидан кейин огоҳлик гуруҳининг тўрт вакили ўша жойга борган ва улар ҳалок бўлганлар.

"Боко Ҳарам" Нигериянинг шимолида исломий давлат барпо этиш мақсадини кўзлаганини эълон қилган.

Ҳужум ҳақидаги хабар "Боко Ҳарам" гуруҳи раҳбари Абубакр Шикавий ўзининг видеомурожаатини эълон қилган пайтга тўғри келган.

Видеода исломий гуруҳ раҳбари ўзлари яқинда полиция ва ҳарбийларга ҳужум уюштирганлари ҳақида айтади ва "Боко Ҳарам" сафида катта йўқотишлар бўлгани ҳақидаги Нигерия армияси баёнотини ёлғон деб атайди.

Бу мавзуда батафсилроқ