Украина Россия билан чегарадаги "божхона қамали"дан қанча зарар кўради?

Image caption Бундан олдин Roshen шоколадлари билан боғлиқ муаммо пайдо бўлган эди.

Украина сиёсатчилари Россияни ўзларига қарши савдо урушини бошлаганликда айбламоқдалар.

Уларга кўра, Украина Оврўпо Иттифоқи билан ҳамкорлик битимини имзолаганидан кейин бу уруш бошланган.

Россия Божхона қўмитаси чеклов киритганидан кейин юзлаб юк автомобиллари икки мамлакат чегарасида тўпланиб қолган.

Бир бизнес гуруҳга кўра, Россиядан Украинага экспорт деярли буткул тўхтатилган.

Москва Киевнинг Оврўпо Иттифоқига интеграция режасига доим қаршилик кўрсатиб келади.

Украина маҳсулотлари Россия чегарасида ушлаб турилгани орқасидан таҳлилчилар мамлакат экспорти йўқотадиган фойдани ҳисоблаб чиқишга улгуришди.

Уларнинг ҳисобларига қараганда, Россия божхонаси Украина ишлаб чиқарувчиларига етказадиган зарар 2 миллиардга яқинни ташкил қилиши мумкин.

Бунда энг кўп зарар озиқ-овқат маҳсулотлари таъминотчилари ҳиссасига тўғри келиши кутилади.

Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, 2013 йилнинг иккинчи ярмида Украинанинг Россияга импорт моллари қариийб 9 миллиард атрофида бўлиши керак.

Ҳозирда Россия божхона масканларида Украина маҳсулотлари ортилган юзлаб юк машиналари ва минглаб вагонлар тўпланиб қолгани айтилмоқда.

Айни пайтда Россия ҳукумати божхона муаммосига алоқаси йўқлигини расман хабар қилди.

Бироқ Россия Божхона хизмати қайта текширувларнинг сабабини изоҳламаган.

Украина вазири Николай Азаров ҳам чегарада келишмовчиликлар борлиги, лекин улар у қадар жиддий эмаслигини таъкидлади.

Шунга қарамасдан, "Оболонь", "Инкерман" ва кўплаб кондитер ширкатлари маҳсулотларини Россияга экспорт қилишни тўхтатганларини эълон қилишди.

Украинанинг "Отпор"жамоатчилик ҳаракати мамлакат фуқароларини Россия маҳсулотларига байқот қилишга чақирди.

"Гўшт, пишлоқ, шоколад ва бошқа маҳсулотларга Кремлнинг Украина билан уруши жонга тегди!"- деб ёзишди "Отпор"аъзолари Facebook тармоғи орқали.

Ўтган йили Украина пишлоқлари билан боғлиқ жанжал катта шов-шув бўлган. Яқинда эса Россия Украинанинг Roshen шоколадлари таркибида шубҳали моддалар топилганини айтиб, мамлакатга киритилишини тақиқлаб қўйганди.

Халқаро Савдо палатаси вакиллари ва кузатувчиларга кўра, тинимсиз давом этаётган текширувлар Украинага сиёсий босим ўтказиш воситаси бўлиши мумкин.

Эртага, 16 августда савдо можароларини ҳал қилиш бўйича икки томонлама музокалар бўлиб ўтиши мўлжалланмоқда.

Украина ўз навбатида "божхона қамали" учун Оврўпо Иқтисод Қўмитасига шикоят қилишини билдирган.

Бу мавзуда батафсилроқ