Мисрдаги воқеалар ривожини дунё кузатмоқда

Image caption Мамлакат қонли инқироз бўсағасида қолди.

"Мусулмон Биродарлар" ҳаракати тарафдорларининг чодир жамлоқларини армия томонидан куч билан тарқатилиши оқибатида юзлаб, баъзи хабаларга кўра, минглаб одамлар ҳалок бўлди.

Мамлакат қонли инқироз бўсағасида қолди.

Мисрда бўлаётган воқеалар нима учун фақат мамлакатнинг ўзи учун эмас, балки бутун дунё учун муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда?

Миср - Араб давлатлари ичида энг аҳолиси кўп мамлакат саналади.

Мисрда 82 млндан ортиқ киши яшайди, бу Африка мамлакатлари орасида учинчи, араб дунёсида биринчи деганидир.

Миср аҳолиси Ироқ, Саудия Арабистони, Сурия аҳоли сонини қўшиб ҳисоблагандан кўп.

Шу билан бирга уларнинг катта қисми 25 ёшгача бўлганлардир.

Бу одамлар, сиёсий куч сифатида нафақат мамлакатнинг кейинги тақдирига, балки бутун минтақага ҳал қиладиган таъсир кўрсатади.

Миср - минтақанинг муҳим давлати

Миср - араб дунёсининг юраги ҳисобланади.

У Жамол Абдул Носир ҳукумати даврида панарабизм ғоясининг маркази ва Анвар Садат даврида Яқин Шарқда тинчликни сақлашда муҳим рол ўйнади.

Мисрдаги вазият қўшни давлатларга таъсир қилиш имконига эга.

Агар Мисрда амалда ишлайдиган демократия қуриш имкони бўлса, бу араб дунёси учун янги давр бошланганини англатади.

Агар Қоҳира ё ҳарбий ё диний томондан диктатура томон оғиб кетса, унда унинг қўшнилари учун демократик йўлдан ҳаракатланишга бўлган рағбатни йўқотади.

Қудратли Миср армияси бошқа араб давлатларининг хавфсизлигини сақлаш учун катта аҳамиятга эга.

Миср инқирози таъсирида Суэз канали тўсиладиган бўлса, бу минтақанинг нефт экспортига катта таъсир қилади.

Миср ҳудудидан Суэз канали ўтади

Суэз канали орқали эса 8-12 фоиз халқаро савдо оқими ва 22 фоиз барча денгиз ўтказмалари ўтади.

Бу канал Осиё ва Оврўпо, Осиё ва Америка шарқий қирғоқлари ўртасидаги кема масофаларини минглаб чақиримга қисқартиради.

1956 йилда Суэз канал давлат тасарруфига ўтказилган.

Агар Мисрдаги сиёсий беқарорлик туфайли канал орқали савдо алоқаларига путур етса, бу бевосита олиб келинадиган барча истеъмол маҳсулотларига- ўйинчоқлардан тортиб электроника маҳсулотлари нархига таъсир кўрсатади.

Бу муҳим транспорт артерияси нафақат иқтисодий, балки сиёсий аҳамиятга эга ҳисобланади.

1956 йил президент Жамол Абдул Носир томонидан Суэз каналининг миллийлаштирилиши Суэз инқирозини келтириб чиқарди ҳамда Британия ва Франция дастаги билан Исроил қўшинларини Синайга киритилишига сабаб бўлди.

Бунинг оқибатида 1967 ва 1973 йилларда Араб-Исроил уруши келиб чиқди. Канал қарийб саккиз йил ёпиқ қолди.

Миср - Яқин Шарқда тинчлик гарови

1970 йилда Миср президенти этиб сайланган Анвар Садат Яқин Шарқда тинчлик ўрнатилишига катта ҳисса қўшди.

У ўзидан олдинги президент Жамол Носирнинг панарабизм ғоясидан воз кечди ва 1973 йил Исроилдан ҳарбий мағлубиятга учрагач, тинчлик музокаралари олиб боришга қарор қилди.

У Қуддусга тарихий ташрифни амалга оширди.

Унга жавобан Исроил бош вазири Менахим Бегин Мисрга борди.

Шу тариқа АҚШ воситачилигида Кэмпт-Дэвид келишуви имзоланди.

Лекин бунинг орқасидан Анвар Садат Араб давлатлари билан муносабатларга жиддий путур етказди, кўплари уни сотқинликда айблашди.

Бир қатор Араб давлатлари Миср билан алоқани узди, мамлакатга иқтисодий ёрдам тўхтатилди.

1981 йил Анвар Садат исломийлар тарафидан ўлдирилади.

Исроилда ҳам Миср билан тинчлик келишувларидан норозилар кўп эди.

Шунга қарамай Садат ўлимидан кейин ҳокимиятга келган Ҳусни Муборак унинг йўлини давом эттирди, Исроил ва Фаластин ўртасида воситачи ролини ўйнаб келди.

Ғазо бўлгаси билан чегарадош Миср ўзи томонидан бу ҳудудга тўсиқ қўйилганини қувватлайди.

Миср - минтақада Ғарбга энг яқин мамлакат

1970 йиллар Анвар Садат Жамол Носир қилгани каби Собиқ Иттифоққа орқа қилишни истамади.

1972 йил Мисрдан совет ҳарбий маслаҳатчилари чиқариб юборилди, 1976 йил СССР билан тинчлик битими бекор қилинди.

Исроил билан тинчлик келишувларидан сўнг эса Қоҳира ва Москва ўртасидаги муносабатлар 1984 йилгача узилиб қолди.

Бунинг ўрнига Миср АҚШнинг Араб дунёсидаги энг яқин ҳамкорига айланди.

АҚШ Мисрга замонавий Америка ҳарбий техникалари билан кўмак кўрсатди.

Миср Америкадан салмоқли молиявий ёрдам ола бошлади.

Ҳозирда бу йилига бир миллиард доллардан ортиқ бўлиб, Миср армиясига энг замонавий ҳарбий қуролларни сотиб олишга имкон беради.

Лекин 2011 йилда Ҳусни Муборакнинг ағдарилишини қувватлаган Вашингтон, унинг ўрнига исломий Муҳаммад Мурсийнинг келиши билан қийин вазиятда қолди.

Муҳаммад Мурсий "Мусулмон Биродарлар" қўлида тобора кўпроқ ҳокимиятни ола бошлагани Вашингтонга ёқмади.

2013 йил июлда Миср армияси томонидан Мурсийнинг ағдарилишидан сўнг АҚШ сукут сақлашни маъқул кўрмоқда.

Америка қонунларига биноан, давлат тўнтариши бўлган мамлакатга молиявий ва ҳарбий ёрдам бериш тақиқланади.

Бироқ расмий Вашингтон ҳодисани ҳарбий тўнтариш деб атамади.

Миср - Араб дунёсининг йирик маданий маркази

Миср- Ер юзида қадим тамаддун бешикларидан саналади.

Ҳудуд эрамиздан олдинги 10 асрда пайдо бўлгани олилар томонидан аниқланган.

Қадим мисрликлар бизнинг кунимизгача етиб келган дунёга машҳур архитектура, маданий ва бадиий ёдгорликларни яратганлар.

Миср адабиёти, мусиқа, мода, кино ва телевидениесининг замонавий араб маданиятига таъсири беқиёс.

Миср ёзувчи ва шоирлари замонавий араб адабиётида дастлабки экспериментларни амалга оширганлар.

1988 йил Нагиб Маҳфуз араб ёзувчилари орасида биринчи бўлиб Нобел мукофотини олди.

Мисрда Араб дунёсида машҳур 30 дан ортиқ сунъий йўлдош телеканаллари ишлайди, киносаноати эса йилига 100 дан ортиқ филм ишлаб чиқаради.

Миср - асосий сайёҳлик мамлакатларидан бири

Туризм - Мисрга фойда олиб келадиган асосий соҳалардандир.

Сайёҳларни мамлакатнинг бой маданияти ўзига жалб қилади.

Мисрнинг Гиза, Карнак ва Луксорда яхши сақланган қадимги эҳромлари бутун дунёдан сайёҳларни оқиб келишига сабаб бўлади.

Миср денгиз дам олиш масканларининг яхши шароити, сув спортининг ривожлангани ва нисбатан паст нархи кўпчиликни бу ерга чорлайди.

Мамлакатдаги беқарор вазият боис қатор давлатлар, жумладан Британия, АҚШ ва Россия ўз фуқароларига Мисрга саёҳат қилмасликни маслаҳат берган.

Бу мавзуда батафсилроқ