Узоқ Шарқда сув сатҳи рекорд даражага кўтарилиши мумкин

Image caption 21-28 август орасида сув 7 метргача етиши огоҳлантирилмоқда.

Тинимсиз ёққан ёмғир натижасида Зея ва Амур дарёларининг тошиши Узоқ Шарқнинг 140 аҳоли масканларини сув остида қолдирган.

Дарёлардаги сув баландлиги 6 метр 57 смга етгани, Амурск вилояти, Хабаровс ўлкаси и Еврей мухтор вилоятидан 20 мингдан ортиқ инсон эвакуация қилингани айтилмоқда.

Россия Фавқулодда Вазиятлар Вазирлигига кўра, айниқса Амурск вилоятидаги вазият жуда хавотирли. Жами 463 чақирим йўл ва 60 та кўприкни сув босган.

Қишлоқ хўжалиги учун яроқли 45 минг гектар ерни сув ювиб кетгани озиқ-овқат билан боғлиқ жиддий муаммоларни юзага чиқариши мумкин.

Россия ФВВ 29 мингдан ортиқ одам ва 5 мингдан ортиқ техника қутқарув ишларига жалб қилинганини билдиради.

Ичимлик суви муаммо бўлаётганлиги сабабли 36 тонна сув Красноярскдан Благовешенскка етказилган.

Метеорологларнинг хабарлари бўйича сув кўтарилишда давом этади, 21-28 август орасида сув рекорд даража- 7 метргача етиши огоҳлантирилмоқда.

Фақат сентябр ойига бориб сув сатҳининг камайиши хабар қилинади.

8 сентябрда Амурск вилоятининг қатор сайлов масканларида маҳаллий ҳокимиятга сайловлар бўлиб ўтиши керак.

Россия Федерацияси Марказий сайлов участкасидан тасдиқлашларича, сайлов бўлимлари сув остида қолгани, овоз бериш қутилари оқиб кетгани ва сув тошқинидан жабрланганларнинг кайфияти ҳисобга олиниб, овоз бериш муддати ўзгартирилган.

Одамлар асосан мактаб биноларига кўчирилгани боис, янги ўқув йили муддати орқага сурилган.

Баъзи одамлар талончилар нарсаларини олиб кетишидан қўрқиб, кўчишга кўнмаётганлари, уларни мажбурий тарзда кўчиришга тўғри келиши айтилмоқда.

Одамлар дизентерия, гепатит, терламага қарши эмлай бошланган.

"Амур дарёсининг бир қисми Хитойга қарашли экани сабабли вазият янада мураккаблашади. Сувнинг катта қисми Сунгари ва Уссури дарёлари орқали келмоқда,- дейди Сув муаммолари институти раҳбарларидан Александр Гелфан Би-би-сига.

Сув босган минтақаларни бориб кўрган Би-би-си мухбири баъзи одамлар уйларини талончилардан қўриқлаш учун меҳнат муҳожирлари ёки итларни қолдириб кетишганини айтади.

Хабаровскда кучли сув тошқини 1914 ва 1928 йилларда рўй берган. Ўшанда сув ҳажми саккиз метр 50 смга чиққани қайд этилган.

Душанба куни Яқин Шарқ минтақаси раҳбарлари, қутқарувчилар ва ҳарбийлар билан йиғилиш ўтказган Россия Президенти Владимир Путин Яқин Шарқдаги инфратузилма тикланиши, муҳими ҳеч ким ҳалок бўлмаслиги кераклигини таъкидлаган.

Жаноб Путин маҳаллий раҳбарлардан минтақадаги вазият ҳақида мунтазам хабар бериб туришни сўраган.

Бу мавзуда батафсилроқ