Афғонистон футболчилари покистонликларни мағлуб этишди

Кобулда Афғонистон ва Покистон футбол жамоалари ўртасида қарийб 30 йилдан бери илк бор кечган беллашув 3:0 ҳисобида якун топган.

Ўйинда афғонистонликларнинг қўллари баланд келган.

Мазкур тарихий спорт учрашуви икки мамлакат ўртасидаги сиёсий тангликни ҳам юмшатишга ҳам хизмат қилади деган умидларда ташкил этилган.

Матбуотга гапирган афғон миллий жамоаси мураббийси Юсуф Коргар: "Бу ўйиндан асосий мақсад Афғонистон ва Покистон ўртасида яхши муносабатларни ўрнатишдир", деб айтган.

Покистон ва Афғонистон миллий жамоалари бундан олдин 1977 йил беллашишганди.

Бу ўтган ўн йил ичида мамлакат ичкарисида ўтган илк халқаро беллашув ҳамдир.

Афғонистондаги охирги ўйин 2003 йил Туркманистон миллий жамоаси қарши кечганди.

Бугунги ўртоқлик учрашуви Афғонистон ўнлаб йиллар давом этган урушлардан рисоладаги ҳолатга қайтаётгани аломати сифатида ҳам кўрилмоқда.

Мухбирларга кўра, ҳам Покистон ва ҳам Афғонистонда - айни ўйин ватанпарварлик туйғуларини жунбушга келтирган.

Футбол ўйини бошланишидан аввалроқ Покистон жамоаси устози Зависа Милосавлиев айни беллашув ўз футболчилари учун муҳимлигини урғулаган.

"Бизнинг мақсадимиз ўзимизни халқаро майдонда намоён этишдир. Бу ёшлар учун муҳим. Биласиз, Покистонда ҳам муаммолар бор ва биз Покистонда бирорта ҳам халқаро беллашув ўтказмадик", - деб айтган Покистон жамоаси мураббийларидан бири

Кобулдаги "Ғози" стадионида ўтган ўйин хавфсизлик чоралари кучайтирилган бир ҳолатда кечган.

Толибон ҳукумронлик қилган 1996-2001 йилларда футбол тақиқланмаган.

Аммо, толиблар даврида Кобулдаги кўҳна "Ғози" стадионидан қатллар, тошбўрон ва бошқа жазоларни ижро этиш учун фойдаланилган.

Бу мавзуда батафсилроқ