Wikileaksга маълумот берган Брэдли Мэннинг 35 йилга қамалди

Image caption Мэнинг ўзи берган маълумотлар бирор-бир зарар етказиши ҳақида ўйламаганини айтган.

Америка армияси аскари Брэдли Мэннинг Wikileaksга ҳарбий ҳаракатлар ҳақида юз минглаб ҳисоботларни берганликда айбдор деб топилди.

Мэриленд штати Форт-Мид ҳарбий маҳкамаси Брэдли Мэннингни 35 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Ҳакам аскар панжара ортида ўтказган вақтини ҳисоблаб чиққан. Прокурор Мэнингга 60 йил турма жазоси беришни сўраган эди.

Ўтган ҳафтада маҳкама тингловида Мэнинг биринчи бор Америка халқи ва Қўшма Штатларга зиён етказганлиги учун афсусланишини айтиб, кечирим сўради.

Мэнингга кўра, хабар бераётган пайтда ўзининг маълумотлари бирор-бир зарар етказиши ҳақида ўйлаб кўрмаган.

Айблов томонига кўра, 2009 ва 2010 йилларда Мэннинг 250 минг нусха дипломатларнинг махфий ёзишмаларидан ташқари, 500 мингта Афғонистон ва Ироқдаги вазият ҳақидаги ҳарбий ҳисоботларни Wikileaksга тақдим қилган.

"Брэдли Маннинг АҚШ тарихида махфий ҳужжатларни энг кўп миқдорда ошкор қилган шахс"

Wikileaks вебсаҳифаси асосчиси Жулиан Асанж Маннингни жосусликда айбдор, дея топилишини қоралаб чиқди.

Жулаин Асанжнинг айтишича, бу "миллий хавфсизликни таъминлаш йўлидаги экстремизм" билан баробардир.

"Брэдли Маннинг ҳеч нимада айбдор эмас. У ҳукуматдан ошкораликни ва ҳисоб беришни талаб қилган, Америка ҳукумати томонидан амалга оширилган жиноятларни ҳалққа ва жаҳонга намойиш қилган қаҳрамондир", деди WikiLeaks асосчиси.

Брэдли Маннинг АҚШ тарихида махфий ҳужжатларни энг кўп миқдорда ошкор қилган шахс, дея кўрилмоқда. Қораловчи томоннинг фикрича, ҳозирги коммуникациялар асрида ошкор этилган ҳар қандай махфий ҳужжат тез орада Интернетда пайдо бўлиб, "душман кучлари" қўлига тушиши эҳтимоли жуда каттадир.

Ошкор этилган ҳужжатларда Ўзбекистон ҳақида нималар бор эди?

Брэдли Маннинг Ироқда хизмат қилган вақти Wikileaks га оширган ҳужжатлари орасида АҚШ ҳарбийларига тегишли тикучардан Бағдоддаги бир гуруҳга қарата ўқ очилгани ва ўша ҳужум оқибатида ўнлаб ҳалок этилганлар ораисда Reuters агентлиги мухбири бўлгани туширилган видеотасвирлар ҳам бор.

У шунингдек жаҳон бўйлаб АҚШ дипломатик вакилларининг Вашингтонгга минглаб махфий мактубларини ошкор этган.

Улар орасида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимларининг ёзишмалари ҳам бор.

Wikileaksда эълон қилган бу каби махфий дипломатик ёзишмалар биридан аён бўлишича, "Ўзбекистон коррупция қучоғига ботиб кетган, уюшган жиноятчилик, пахта далаларидан мажбурий меҳнат қўлланилувчи ва қийноқлар амалда бўлган ўта хавотирга лойиқ давлатдир".

Бу мавзуда батафсилроқ