Сурия мухолифати ҳукумат кимёвий қурол ишлатганини даъво қилмоқда

Image caption Сурияда ҳам исёнчилар,ҳам ҳукумат кучлари бир-бирини кимёвий қурол ишлатганликда айблаб келади.

Дамашқ чеккасида ҳукумат кучларининг ҳужуми натижасида юзлаб инсонлар ҳалок бўлган, деб хабар беради Сурия мухолифати.

Уларнинг ишонишича, армия одамларга қарши гўёки кимёвий қурол қўллаган, 650 дан ортиқ киши қурбон бўлган.

"Заҳарловчи кимёвий каллаклар ўрнатилган ракеталар Дамашқдан шарқдаги Гута мавзесида ишлатилган, деб айтади улар.

Шунингдек Ирбин, Дума, Муадхамия вилоятларида қурбонлар бор, дейишади исёнчилар.

YouTube тармоғига ўрнатилган видео лавҳадан англанишича, вақтинчалик касалхонага заҳарланган одамлар ёрдам сўраб мурожаат қилишган.

Жабрланганлар, жумладан болалар тутқаноққа учрагани, кўпчиликда фалажлик ва нафас қисиши кузатилгани айтилади.

Бироқ ушбу видеонинг ҳақиқийлигини текшириш имкони йўқ.

Би-би-сининг Яқин Шарқдаги мухбири Жереми Боуэнга кўра, бу хабар жавобдан кўра, қўшимча саволларни ўртага чиқарган.

Кўпчилик нега айнан ҳозир, БМТ текширувчилари мамлакатга кирганда ва Дамашқда армияга муносабат яхши бўлган пайт ҳукуматнинг кимёвий қурол ишлатиши керак бўлди, деган саволни бермоқда.

Баъзиларга кўра, лавҳалар сохта бўлиши мумкин.

Бироқ видеонинг ҳақиқийлигини текшириш имкони йўқ.

Сурия ҳукумати ўз ўрнида давлатга қарашли Sana ахборот агентлиги орқали буни инкор қилиб, БМТ текширувчиларини "ўз вазифасидан чалғитиш"га уриниш дея баҳолади.

Якшанба куни Сурияга БМТнинг бир гуруҳ экспертлари кимёвий қурол ишлатилгани борасидаги маълумотларни текширгани етиб келган.

Ҳозирча, БМТ вакиллари охирги айбловга қандай муносабат билдириши маълум эмас.

Текширувчилар уч жойда, жумладан март ойида 26 кишининг ўлимига сабаб бўлган Хон ал-Ассал шаҳрида иш олиб боришади.

Айни пайтда Сурияда ҳам исёнчилар ҳам ҳукумат кучлари бир-бириларини кимёвий қурол ишлатганликда айблаб келади.

Шу пайтгача бу маълумотларни текширишнинг иложи бўлмай келаётганди.

БМТ текширувчиларининг мамлакатга киришига яқинда рухсат берилди.

Сурия катта миқдордаги махфий кимёвий қурол заҳирасига эга эканлиги тахмин қилинади.

Башар ал-Ассад ҳукумати буни расман тасдиқламаган бўлсада, инкор ҳам қилмаган.

Илгари исёнчилар даъволари орқасидан ҳукумат "мамлакатда кимёвий қурол бўлган тақдирда, ҳеч қачон ўз халқига қарши ишлатмаслиги"ни таъкидлаган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ