'Сурия инқирозида барча қизил ҳошиялардан ўтиб бўлинди'

Image caption Халқаро ҳамжамият Сурия ҳукуматига нисбатан қаттиқ чора кўриши лозимлиги борасидаги чақириқлар кучайган.

Сурияда кимёвий қуролдан фойдаланилиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 1000 дан ошгани даъво қилинар экан, халқаро миқёсда ушбу ҳужумлар қаттиқ қораланаяпти.

БМТдан Сурия ҳукуматига қарши жазо чораларини жорий қилиш талаблари янграмоқда.

Сурия мухолифатига кўра, пойтахт Дамашқ шарқидаги Ғута тумани бомбардимонга тутилган пайти ракеталар кимёвий қурол билан каллакланган бўлган.

Сурия ҳукумат кучлари бир неча кундан бомбардимон қилмоқда.

21 август куни мухолифат кимёвий қурол фойдаланилгани оқибатида ҳалок бўлган инсонлар сони 1000 дан ошганини хабар қилди.

Youtube порталида тиббий ёрдам кўрсатилаётган инсонлар акс этган видеолар пайдо бўлди.

Бу одамларнинг айримлари ўзларини ҳар томонга ураётганлари, болалар ҳолсиз ётганлари кўринади.

Би-би-си суҳбатлашган шифокор айтишича, болаларнинг аксарининг нафас қисилган, кўз қорачиқлари маънисиз бўлиб қолган, оғзилари тупукка тўлиб қолган.

Мухолифатга кўра, ҳужум тонг пайтида бўлган, кўплаб болалар, аёллар ва эркаклар ухлаб ётган жойларида ҳалок бўлганлар.

Ҳалок бўлганларнинг сони 500 билан 1300 атрофида экани айтилмоқда.

Сурия мухолифати зудлик билан ҳудудга мамлакатда бўлиб турган БМТ кимёвий қурол назоратчиларини киритишни талаб қилганлар.

Кеча БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ғута бўлгасидаги ҳужумни муҳокама қилган, кенгаш баёнотида кимёвий қурол ишга солингани ҳақидаги хабар юзасидан тезлик билан холис текширув ўтказиш талаб қилинган.

Бироқ Хавфсизлик Кенгаши Сурия ҳукумати ҳозир Дамашқда бўлиб турган БМТ кимёвий қурол назоратчиларининг Ғутага етиб бориб вазиятни ўзлари ўрганиши талаб қилинган баёнотни қабул қилмаган.

Би-би-си мухбирига кўра, Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари ҳисобланган Россия ва Хитой бундай баёнот қабул қилинишига қарши чиққанлар.

БМТ назоратчилари 18 август куни Сурияга етиб борган эдилар.

Сурия ҳукумати кимёвий қурол ишлатгани борасидаги айбловларни рад этади.

Сурия армиясига кўра, тинч фуқаролар кимёвий қуролдан ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлар ёлғон, бу нарса исёнчилар катта талофот бераётганидан кўпчиликни чалғитиш мақсадини кўзлаган.

Сурия ҳукуматининг иттифоқчиси Эронга кўра, ҳукуматнинг жангларда қўли баланд келиб турган пайтда кимёвий қуролни ишга солишидан маъни йўқ.

Сурияда ҳам ҳукумат кучлари ва исёнчилар кимёвий қуролни ишга солгани ҳақидаги хабарлар шу йил бошида тарқалган эди.

АҚШ Президенти Барак Обама Сурия ҳукуматини кимёвий қуролдан фойдаланиш "қизил ҳошия"дан ҳатлаб ўтиш экани ҳақида огоҳлантирган, бу ҳошиядан ошиб ўтиш халқаро кучларнинг Сурияга ҳарбий ишғол бошлашига олиб келиши мумкинлигини айтганди.

Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмет Довутўғли халқаро ҳамжамиятни Сурия ҳукумати амалларига нисбатан чора кўрмаётганликда айблаган.

"Ҳамма қизил ҳошиялардан ўтиб бўлинди, лекин БМТ Хавфсизлик Кенгаши қарор қабул қилишга қодир бўлмади. Бу қизил чизиқни белгилаган томонларнинг масъулияти, ва биз ҳаммамизнинг масъулиятимиздир", деб айтган Туркия ташқи ишлар вазири.

Франция Ташқи ишлар вазири Лоран Фабиусга кўра, агар юзлаб инсонлар ўлимига сабабчи бўлган кимёвий қурол ҳужумларига Сурия ҳукумати масъул экани ҳақидаги даъволар тасдиқланадиган бўлса халқаро ҳамжамият бунга куч билан жавоб бериши зарур.

Бу мавзуда батафсилроқ