Депардье охири Белгияда яшашга қарор қилди

Image caption Жерар Депардье Гулнора Каримова билан айтган дуэти учун Ғарбда танқид қилинган

Солиқлардан норозилиги туфайли ўз ватанини тарк этган француз кино юлдузи Жерар Депардье Белгиядаги янги уйида катта базм уюштирган.

У ўтган декабрда Нешинда олган беш ётоқхонали уйига янги қўшнилари дохил 200 кишини таклиф қилган.

Депардье мазкур саройчани ўтган йили Франциянинг социалист ҳукумати юқори даромадларга 75 фоиз солиқ ўрнатиши ортидан сотиб олганди.

Солиқни ошириш таклифи кейинчалик Франциянинг олий маҳкамаси томонидан бекор қилинган.

Таклиф киритилганидан бери жаноб Депардье Россия фуқаролигини олган. Чечен президенти Рамзан Қодиров унга пойтахт Грознийда ҳашаматли хонадон ҳам совға қилган.

Депаррдье бунинг учун ўз юртида кўпгина танқидларга сабаб бўлган.

Россия фуқаролигини олишидан аввал у Ўзбекистонга сафар қилиб Гулнора Каримова билан қўшиқ ижро этган. "Небо молчит" қўшиғида у француз тилида шеър ўқийди, Каримова хоним эса рус тилида шивирлайди.

Image caption Чеченистон президенти Депардьега хонадон совға қилди

"Сирано де Бержерак" каби фильмлардаги роллари учун ўз авлодининг энг ажойиб актёрларидан бири дея олқишланган 64-ёшли Депардье ўзининг "жаҳон фуқароси" эканини айтган.

"Мен дунёнинг турли бурчакларида ишладим, лекин Нешинга келиб жойлашдим", - деди у.

Шанба куни бўлиб ўтган базмда меҳмонларга қимматбаҳо бифштекс ва чўчқа боласи гўшти тортиқ қилинган.

Шанба куни эрталаб эса Нешин шаҳри кирадиган Эстампю вилояти уни фахрий фуқароси дея эълон қилган.

"У бу ерга кўчиб келишни режалаётганида, менга қўшниларга бир яхши базм уюштирмоқчи эканини айтганди. Энди сўзининг устидан чиқди. Уйни сотиб олди, қўшнилар таклиф этилди... Депардьедек одам билан кўнгилҳушлик қилаяпмиз, яна нима керак одамга?" - деди Нешин ҳокими Даниэл Сенесаэл.

Жума куни эса Депардье Франциянинг Фигаро журналига солиқ можароси "катта тушунмовчилик" бўлгани ва Францияни ҳар доимгидек севишини айтган.