Ингушистон ёшлари нима учун "ўрмонларга кетишаяпти"?

Image caption Шимолий Қовқознинг тобора кўп ёшлари радикаллашиб, ўрмонлардан яширинча ҳужумлар уюштирмоқдалар

Ингушетия хавфсизлик кучларининг юқори даражали расмийси Аҳмад Котиев қуролли кишилар ҳужумида ҳалок бўлиши ортидан Шимолий Қовқоздаги Исломий жангарилар роли ва ёшларнинг бу гуруҳларга қўшилаётгани сабаблари яна бир бор таҳлилчилар диққат марказига чиқди. Жаноб Котиев жангариларни жамиятга қайтариш йўлида тутган ўзига хос, юмшоқ ва дўстона муносабатига қарамай, нобуд қилингани кўпларни ҳайрон қолдирди. Би-би-си Шимолий Қовқоздаги вазият борасида Халқаро инқироз гуруҳининг Москвадаги таҳлилчиси Екатерина Сакирянская билан суҳбатлашди.

Сакирянская: 2010 йилдан бошлаб, Медведев президентлигининг охирги даврларига келиб, Шимолий Қовқозда диний экстремизм ва қуролли гуруҳларга қарши курашнинг янгича усулларини синай бошлашди. Бу усуллар энг кўп Ингушистон ва Доғистонда қўлланди. Қуролли гуруҳ аъзоларини тинч ҳаётга қайтариш бўйича махсус комиссия тузилиб, жангарилар сафига қўшилиб қолган ёшларни ўрмонлардан қайтариш, агар қўллари қонга ботмаган бўлса, уларга энг кам жазо муддати бериш ёки умуман жазодан озод қилиш усуллари қўлланди. Ва бу комиссияга Ингушистонда Аҳмад Котиев раҳбарлик қилар эди. Айтиш жоизки, бу Шимолий Қовқозда ҳозирга қадар фаолият юритиб келган ягона комиссия эди. Гап шундаки, Россиянинг эски янги президенти - Путин ҳокимиятга қайтгач, Медведев давридаги бу юмшоқ усулларнинг ҳаммасидан воз кечилди. Барча жумҳуриятларда анъанавий, яъни куч ишлатиш усулларига қайтиш кузатилди. Яъни Чеченистонда синалган усул. Унга мувофиқ, ҳар қандай қуролли гуруҳ йўқ қилинади, салафийлар қонундан ташқари бандитлар, деб эълон қилинган ва улар билан ҳеч қандай музокара олиб борилмайди.

Би-би-си: Яъни сиз сўнгги зўравонликлар Кремлнинг Шимолий Қовқозда куч ишлатиш сиёсатига қайтишининг натижаси деб биласиз?

Сакирянская: Шубҳасиз. Бу бутун Шимолий Қовқоз бўйлаб содир бўлди. Фақат Ингушистондан ташқари. Ингушистон, таъбир жози бўлса, сўнгги кунларгача диний экстремизмга қарши курашда юмшоқ усуллар сақланиб қолаётган бир оролча эди. Аммо Аҳмад Котаевнинг ўлимидан сўнг бу жараён давом этадими, йўқми, бу савол остида. Аҳмад Котиевни мен шахсан танир эдим. Ва биз жумҳуриятдаги вазият ҳақида у билан яқинда ҳам суҳбатлашган эдик. У ўзига хос ёндошувга эга бир мулозим эди. Масалан, Доғистонда қуролли гуруҳларга қўшилган шахслар ушланиб, улар телевизорда кўрсатилиб, ҳамманинг кўзи ўнгида айблари бўйнига қўйилиб, пушаймонлик изҳор қилган бўлсалар, Ингушистонда Котиев буни ортиқча шов-шувсиз, жамоатчилик кўзи ўнгида сазойи қилмаган ҳолда амалга оширди. Чунки Қовқозда эркакларнинг ҳамманинг олдида изза қилиниши, бу ор-номус масаласи. У самарали бўлмаслиги мумкин. Котиев буни тушунган ҳолда қуролли гуруҳлар сафига қўшилган ёшлар билан мулоқот йўлларини топар ва уларни яқинлари, қариндошлари таъсирида тинч ҳаётга қайтишга даъват қиларди. Ва бу жараёнда собиқ жангариларнинг бутун ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилмаслигини кафолатлашга уринарди. Уларни телевизорга олиб чиқмас эди. У тоғ ва ўрмонларга чиқиб кетган ёшларнинг кўпи мафкуравий сабабларга кўра шундай йўлга кирганликларини яхши тушунарди.

Би-би-си: Ингушистон президенти Ёвқуровнинг "ёшлар ўрмонларга кетишда давом этаяпти", деган эътирофи эсимизда. Ким бу ўзи ўрмонларга кетаётган ёшлар? Улар нима сабабдан кетишаяпти?

Сакирянская: Бу жуда яхши ва айни пайтда мураккаб бир савол. Биз Аҳмад билан сўнгги бор суҳбатлашганимизда, уч соат худди шу саволга жавоб изладик. Котиев менга бу каби ёшларнинг ижтимоий портретини чизиб берган эди ўшанда. Ёшлар турли сабабларга кўра, ўрмонларга кетишади. Бу Шимолий Қовқоздаги норозиликнинг радикал бир кўриниши. Уларнинг орасида ҳақиқатан ҳам жиҳодда шаҳид бўлишни истаб кетган ёшлар бор. Улар Россия Шимолий Қовқозни босиб олган ва мусулмонларни таъқиб қилмоқда, деб ишонишади. Ва улар ўз курашларини минтақада исломий тартибни ўрнатиш учун озодлик уруши, деб билишади. Иккинчи тоифа ишсиз ва келажагини кўрмаётган ёшлар. Бундайлар Ингушистонда жуда кўп. Улар ҳам бу қаршилик ҳаракатини романтиклаштирадилар. Учинчи тоифа эса яқинлари ўлдирилган ёки ўзлари ҳам милиция қўлига тушиб, таҳқирланган ва азоб чеккан ёшлар. Улар қасос олиш учун кетишади. Яна бир тоифа эса қўрқувдан, ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўзларига нисбатан қаттиқ эътиборидан қўрқиб кетаётган ёшлар. Албатта, жиноий унсурлар ҳам бор уларнинг орасида. Бундайлар хусусан, Доғистонда кўпроқ. Аҳмад Котиевнинг менга айтишича, Ингушистондаги қуролли гуруҳларга қўшилаётган ёшларнинг кўпчилиги ўрта табақа оилаларнинг фарзандлари. Улар жамиятда ўзларини ифода этиш йўлларини кўришмайди. Адолатсизлик ва порахўрликдан безор бўлишган. Афсуски, Шимолий Қовқозда давлат хусусийлаштирилган, бир ҳовуч одамларнинг қўлида. Минтақада пул кўп, аммо бу пуллар ривожланишга хизмат қилмаяпти ва алал-оқибат ёшларнинг радикаллашувига олиб келмоқда.