Озарбайжон: Рустам Ибрагимбеков президентликка номзод сифатида рўйхатга олинмайди

Озарбайжон Марказий Сайлов комиссияси мухолифат номзоди сифатида Рустам Ибрагимбековни рўйхатга олишдан бош тортган.

Бу ҳақда хусусий ANS TV телеканали хабар тарқатган.

ANS TVга кўра, Рустам Ибрагимбеков Россия фуқароси бўлгани учун президентликка номзод сифатида рўйхатга олинмайди.

Хусусий телеканал Озарбайжон Марказий Сайлов комиссияси котибаси Арифа Мухторовадан иқтибос келтиради.

Мухторова хонимга кўра, сайлов комиссияси Озарбайжон мухолифатининг Миллий Кенгашидан президентлик сайловида иштирок этиш мақсадида тақдим этилган Ибрагимбековга тегишли барча ҳужжатларни кўриб чиққан ва президентликка номзод сифатида рўйхатга олиш учун "ҳуқуқий асос топа олмаган".

Айрим оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, Рустам Ибрагимбеков рўйхатга олмагани учун сайлов комиссиясини маҳкамага беришга қарор қилган.

Озарбайжон Марказий Сайлов комиссияси мамлакат жорий Президенти Илҳом Алиев ва яна бир неча номзодни рўйхатга олган.

Шунингдек, мухолифатдаги Республикачи Муқобил(Republican Alternative (REAL) гуруҳи раҳбари Илғор Маммадов ҳам рўйхатга олингани хабар қилинган.

Илғор Маммадов ҳозир қамоқ жазосини ўтамоқда.

У шу йил февралида ҳибсга олинган ва оммавий тартибсизликларни келтириб чиқариш ва расмийларга итоат этмаслик айбловлари билан қамалган эди.

Илғор Маммадовни вилоятлардан биридаги Исмоилли шаҳарчасида тартибсизликларни келтириб чиқаришда айблашган.

Унга шу йил ноябр ойигача жазо муддати тайинланган.

Айни пайтда Озарбайжон мухолифати дастаклаётган яни бир президентликка номзод Жамил Ҳасанли ўзига нисбатан ҳужум ҳақида хабар тарқатган.

У ўзи яшайдиган кўп қаватли уйнинг юқори қаватидан устига қайноқ суюқлик қуйиб юборилгани ҳақида мухолифатнинг Azadliq рўзномасига айтган.

Озарбайжонда президентлик сайлови 9 октябрга мўлжалланган.

Бу мавзуда батафсилроқ