Франса Сурияга қарши эҳтимолий ҳужумда Американи қўлламоқда

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Франса президенти Франсуа Олланднинг айтишича, Британия парламенти Сурияга қарши ҳарбий аралашувга қарши овоз беришига қарамай можарони ечиш учун қатъий амал қилиниши тарафдоридир.

Жаноб Олланднинг айтишича, ҳозирда ҳамма йўллар кўриб чиқилмоқда ва бир неча кун ичида ҳаво ҳужумлари эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Аввалроқ АҚШ Мудофаа вазири Чак Ҳейгел эҳтимолий ҳарбий ҳужум учун иттифоқчиларни излашда давом этаётганликларини билдирганди.

Айни вақтда Олмония ҳарбий амалиётларда иштирок этмаслигини маълум қилган.

Ҳозирда Сурияда бўлган БМТ қурол назоратчилари ҳали бирон хулосага келмаганликлари айтилмоқда.

Бугун кун давомида улар икки маротаба ўзлари турган меҳмонхонадан машиналар карвонида йўлга чиқишган ва иккала марта ҳам меҳмонхонага қайтиб киришган.

Тахмин қилинишича, улар Дамашқ яқинидаги исёнчилар назорати остида бўлган минтақаларга текшириш учун бормоқчи бўлишган, лекин ўша томонларда кун бўйи ракета отишмалари давом этган.

Кейинчалик улар кимёвий ҳужум қурбонлари келтирилганлиги айтилган касалхонага борганлар.

Назоратчилар жума куни кечга яқин ўз фаолиятларини тугатиб, шанба куни хулосаларини БМТ Бош Котиби Пан Ки Мунга тақдим этишлари кутилмоқда.

Россия Британия парламентининг ҳарбий аралашувга қарши овоз берганлигини олқишлаган.

Хитой Ташқи Ишлар вазири БМТ қурол назоратчилари ўз хулосаларини эълон қилмагунларига қадар бирон чора кўришга шошилмасликларини билдирган.

Сурия ҳукумати ўтган ҳафта кимёвий қурол ишлатганлигини рад этиб келмоқда.

"Франса ҳужумга тайёр"

Le Monde рўзномасига берган интервюсида Президент Олланд Британия парламентининг қарори унинг Сурияга нисбатан мавқеига таъсир қилмаганлигини айтди.

"Ҳар бир мустақил мамлакат амалиётларда иштирок этиш ё-да этмаслик ҳуқуқига эга. Бу нарса ҳам Франса ва ҳам Британияга тааллуқли".

Жаноб Олланднинг айтишича, БМТ Хавфсизлик Кенгаши бирон амал қила олмайди, чунки Кенгашнинг икки аъзоси, Россия ва Хитой бу амалларга қаршидир.

"Лекин керакли чораларни йўлга қўйиш имконига эга бўлган қатор давлатлар бор. Франса ана шу давлатлар қаторидадир. Франса тайёр", деб айтди Президент Олланд.

Унинг илова қилишича, ҳозирда аралашувнинг турли йўллари кўриб чиқилмоқда ва бирон қарор етарлича асоссиз қабул қилинмайди.

Айни вақтда Вашингтонда гапирган Давлат котиби Жон Керри АҚШ ўзгаларнинг ташқи сиёсатига боғланиб қолмаганлигини айтди.

Ўтмишдаги ҳарбий аралашувлар

Ироқ, 1991 йил: АҚШ бошчилигидаги халқаро иттифоқчи кучлар БМТ Хавфсизлик Кенгашининг мандати билан Қувайтдан Ироқ кучларини сиқиб чиқаришда иштирок этганлар.

Болқон, 1990 йил: БМТ эмбаргосига қарамай АҚШ сербларга қарши кучларга қурол-яроғ етказиб берган. Кейинчалик АҚШ етакчилигида серблар стратегик нишонлари ҳаводан ҳужумга тутилган.

Сомали, 1992-93 йиллар: БМТ инсонпарварлик нуқтаи назаридан халқаро кучлар аралашувига рухсат берган. АҚШ ҳарбийлари аралашуви фожеали муваффақиятсизликка учраб, мамлакатни ташлаб чиқишга мажбур бўлдилар.

Ливия, 2011 йил: Франса ва Британия ҳужумларни бошлаш учун БМТдан мандат сўраганлар. Ҳаво ҳужумлари Қаддофий қудратдан ағдарилганга қадар давом этди.

Бу мавзуда батафсилроқ