Грозний масжиди нега танловдан олиб ташланди?

Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров sms-хабар юбориб танловда қатнашган кишиларнинг овозлари рўйхатга олинмаётганидан ғазабга келган ва Россия рамзини аниқлаш учун ўтказилаётган танловдан Грозний масжидини олиб ташланиши ҳақида эълон қилган.

Россияда 25 мартдан 29 августгача "Россия 10" деган танловнинг иккита тури ўтказилган.

Бу танловнинг мақсади мамлакатдаги энг яхши меъморий, табиий ва маданий ёдгорликни аниқлаш бўлган.

Конкурснинг 1-турида 700 жўғрофий, тарихий ва архитектура ёдгорлиги орасидан Россиянинг ҳар бир федерал округидан биттадан иншоотни олишга қарор қилинган.

Ва ушбу танлов веб-сайтида иккинчи тур якунлари эълон қилинган.

"Россия 10" веб-сайтига кўра, жами 145 977 634 та овоз берилган.

Шундан Москва вилоятидаги Коломенский кремли учун 38 603 629 овоз берилгани ва шунинг учун биринчи ўринни эгаллагани айтилган.

Грозний шаҳридаги Аҳмад Қодиров номидаги "Чеченистон юраги" деб номланган масжид учун 38 200 249 та овоз берилгани хабар қилинган.

Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров эълон қилишича, sms-овоз беришнинг охирги соатларидан овозлар ҳисобга олинмай қолган.

29 август куни "соат 19 дан бошлаб Чеченистоннинг ўн минглаб ва юз минглаб аҳолиси "Чеченистон юраги" учун овоз беришаяпти, лекин улар инобатга олинмаяпти", деб ёзган Рамзан Қодиров.

У Россия мобил алоқа ширкатлари "МегаФон" ва "Билайн"ни қаллобликда айблаган.

"23 август куни биз тўрт миллиондан ортиқ овоз йўллаган эдик, ўшанда ҳеч қандай муаммо бўлмаган эди. Шунинг учун буни биз очиқдан-очиқ қаллоблик деб ҳисоблаймиз. Буни биз "Чеченистон юраги"нинг биринчи ўринни эгаллашига йўл қўймаслик мақсадидаги сунъий тўсиқдан бошқа нарса эмас, деб ҳисоблаймиз", деб ёзган Рамзан Қодиров.

Бунга жавобан россиялик блоггерлар Чеченистоннинг аҳолиси 1 миллион 200 минг кишини ташкил этиши ҳақида ёзганлар.

Рамзан Қодиров айтишича, чеченистонлик депутатлар прокуратура ва Россия тергов қўмитасига шикоят қилиб, мобил алоқа ширкатларининг фаолиятини текширишни талаб қиладилар деб айтган.

"МегаФон" ва "Билайн" эса танлов учун юборилаётган sms-овозлар бирор бир тўсиқсиз танлов ташкилотчиларига етказилаётганини айтганлар, муаммо танлов ташкилотчилари контент-провайдерида бўлиши мумкинлигини айтганлар.

Грозний шаҳрида қурилган масжид кўп овоз тўплаётгани рус тилидаги интернет оламида қизғин баҳсларни келтириб чиқарган, масжиднинг Россия рамзига айланишига йўл қўймаслик мақсадидаги чақириқлар ҳам янграган.

Би-би-сига Чеченистон раҳбарияти одамларни масжид учун овоз беришга сафарбар этаётгани ҳақида мактуб келиб тушган.

Мактубга кўра, Чеченистондаги барча вазирликлар олдига ҳар бир ходимнинг фаол овоз беришини таъминлаш талаби қўйилган.

Айрим одамларга юборган sms-хабарининг пули қайтариб берилиши ваъда қилинган.

Ушбу хабар юзасидан Би-би-си Рус хизмати Грозний шаҳри мэриясига қўнғироқ қилган.

Телефон гўшагини олган ходим бироз муҳокамадан кейин гўшакни қўйиб қўйган.

"Россия 10" танловининг учинчи тури 1 сентябрдан бошланиши хабар қилинган.

Бу мавзуда батафсилроқ