Чили ҳакамлари Пиночет замонидаги ишлари учун кечирим сўрадилар

Image caption Аугусто Пиночет(чапда) давлат тўнтариши содир этиб, демократик сайланган президент Салвадор Альендени(ўнгда) ҳокимиятдан ағдарган.

Чили Ҳакамлари миллий бирлашмаси ҳакамлар ўз зиммасига юклатилган асосий вазифаларини адо этмаганлари учун расман кечирим сўраган.

Гап 1973 йилда генерал Аугусто Пиночет давлат тўнтаришини содир этганидан кейинги ҳакамларнинг фаолияти ҳақида бормоқда.

Чили Ҳакамлари миллий бирлашмаси номидан эълон қилинган баёнотда айтилишича, ҳарбий хунта ҳокимиятга келганидан кейин ҳакамлар инсонларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларининг муҳофазачиси сифатидаги вазифаларини бажармаганлар.

"Жабр кўрганлардан, қурбонларнинг қариндошларидан ва бутун Чили жамиятидан кечирим сўраш фурсати етиб келди", дейилади бирлашма баёнотида.

Генерал Пиночет Чилини 1973 йилдан 1990 йилгача бошқарди.

Пиночет ҳукмронлиги йилларида 3000 дан ортиқ одам ўлдирилган.

11 сентябр куни Чилида генерални ҳокимиятга олиб келган давлат тўнтаришига 40 йил тўлади.

Ҳакамлар бирлашмаси баёнотида айниқса Чили Олий судининг ҳакамлари фуқароларни давлатнинг ўзбошимчалигидан ҳимоя қила олмаганлари урғуланади.

Ўша йиллари Чили судларига яқинлари ғойиб бўлган ёки ўлдирилган инсонлар аризалар ёзганлар.

Бу инсонлар маҳкамалар орқали яқинларининг қаерда эканликларини аниқлаб олишга ҳаракат қилганлар.

Аммо ҳаммага маҳкамаларда бу борада ахборот йўқлиги ҳақидаги бир хил жавоблар қайтарилган.

Чилининг жорий ҳукумати бу йил давлат тўнтаришининг 40 йиллиги расман эътироф этилиши ҳақида эълон қилган.

Шу йил август ойида Чили Президенти Себастян Пинера, 1973 йил 11 сентябридаги давлат тўнтариши "тарихий факт" ва унинг 40 йиллиги ўша пайтдаги ҳодисаларни "қайта ўйлаб кўриш" вақти, деб айтган.

Пиночетни маҳкамага тортиш уринишлари

Қудратдан кетганидан кейин Аугусто Пиночетни маҳкамага тортишга ҳаракатлар бошланган.

2000 йилдан бошлаб уни қотиллик, инсон ҳуқуқларини поймол қилиш, коррупция ва молиявий қаллобликларда айблаб маҳкамаларга кўп маротаба мурожаат қилинган.

Чили маҳкамалари собиқ диктатордан маҳкама дахлсизлигини олиб ташлаганлар.

Лекин унинг адвокатлари ҳар доим Пиночетнинг ҳаддан зиёд хаста эканини маҳкамада исботлаб, ишларни ютиб чиққанлар.

2006 йили у уй қамоғига олинган.

Пиночетни 1973 йили Президент Салвадор Альенденинг икки тан соқчиси ўлимига алоқадорликда айблашган.

Инфарктга учраганидан бир неча кун ўтиб, Аугусто Пиночет 2006 йил 10 декабрида 91 ёшида оламдан ўтди.

Бу мавзуда батафсилроқ