Қозон шаҳрида Мусулмон киноси фестивали очилган

Image caption Халқаро мусулмон кинофестивали ғолибига "Кино санъатидаги инсонпарварлик ғояси учун" махсус мукофоти топширилади.

Халқаро Қозон мусулмон кинофестивали 2005 йилдан буён Татаристон пойтахтида мунтазам ўтказиб келинади.

Бу йилги IX кино фестивали ҳам олдинги йиллар каби Татаристон Республикаси Президенти ва ҳукумати дастаги остида ўтказилмоқда.

Республика Маданият вазирлиги, шаҳар ҳокимлиги, Россия Муфтийлар Кенгаши ва "Татаркино" тадбир ташкилотчилари саналади.

Фестивал қатнашчиларини Татаристон Республикаси давлат кенгаши раиси Фарид Мухаметшин ва Россия Муфтийлар кенгаши раиси шайх Равил Ғайнутдин қутлаган.

Жумладан Фарид Муҳаммедшин дунёда кинофестиваллар кўплиги, бироқ мусулмон киноси фестивали ягоналиги, шунинг учун ҳам ушбу тадбирнинг масъулияти юқорилигини таъкидлаган.

Кино байрамига МДҲ давлатлари, Оврўпо, Осиё мамлакатлари вакиллари, жумладан Ўзбек киночилари ҳам ташриф буюришган.

Режиссёр Қамара Камолова фестивал ҳайъат аъзоси сифатида қатнашмоқда.

Аюб Шаҳобиддиновнинг "Паризод" бадиий филми ва қорақалпоғистонлик режиссёр Турниёз Калинбековнинг "Нур излаб" ҳужжатли филми фестивалда иштирок этади.

Конкурсдан ташқари намойиш этиладиган филмлар орасида режиссёрлар Қамара Камолова, Ёлқин Тўйчиев, Шавкат Йўлдошевнинг ишлари бор.

Фестивал доирасида 50 та филм мутахассислар ва томошабинлар эътиборига ҳавола этилиши кутилмоқда.

Халқаро мусулмон кинофестивали ғолибига "Кино санъатидаги инсонпарварлик ғояси учун" махсус мукофоти топширилади.