Москвада шаҳар мэри сайловида овоз берилмоқда

Москва шаҳрининг янги мэри сайлови Россияда охирги йиллардаги энг муҳим сайлов деб кўрилмоқда.

Шаҳарнинг ҳозирги ҳокими Сергей Собянин Кремль томонидан тайинланган сиёсатчи.

У Россия ҳукуматига қарши кескин чиқишлари билан танилган Алексей Навалний билан курашга кирган.

Би-би-сининг Москвадаги мухбири Дэниел Сандфорд ёзишича, Москва шаҳри мэри сайлови қарийб 10 йил олдин бекор қилинган эди.

Бироқ Россияда сўнгги йилларда кузатилган аксилҳукумат норозилик намойишлари Кремлни мамлакатнинг энг муҳим шаҳри бошқарувчисини сайлаш йўли билан аниқлаш йўлига қайтишга ундаган.

Янги норозилик ҳаракати тепасига Алексей Навалний келди.

Мухолифлар ўз номзоди сифатида Алексей Навалнийни илгари сурдилар.

Унинг тарафдорлари Москва шаҳрида ҳақиқий ғарбона сайловолди кампаниясини юритдилар.

Сайловчилар билан метро станцияларида норасмий учрашувлар ташкил этилди, Навалний ва унинг оиласи суратларидан улкан постерлар кўчаларга осилди.

Ўтказилган омма фикрини ўрганиш натижаларига кўра, Алексей Навалний учун Москва шаҳри яшовчиларининг бешдан бир қисми овоз беришга қарор қилганлар.

Бироқ Навалний тарафдорларига кўра, унинг учун овоз берганлар сони кўп бўлади ва шаҳар мэри сайловининг иккинчи турини ўтказишга тўғри келади.

Айни пайтда Алексей Навалний шартли озодликка чиқарилган.

Уни маҳкама мол-мулкни мусодара қилишда айбдор деб топган.

Навалний ва унинг тарафдорлари ушбу жиноят ишини сиёсий сабабларга асосланган, дейдилар.

Алексей Навалний ўзининг аксилмуҳожир баёнотлари билан ҳам танилган.

Москва мэри сайловида олти номзод рўйхатга олинган.

Расмийларга кўра, Россия пойтахтида 7 миллион 100 минг сайловчи бор.

Бу мавзуда батафсилроқ